АПЛдаги илк ўзбек. Абдуқодир Ҳусановнинг трансфери ҳақида асосий гаплар
Тарихий трансфер. Бу рўй берди. Ўзбекистонлик 20 ёшли ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов ниҳоят «Манчестер Сити» футболчисига айланди. Томонлар 2029 йил ёзига қадар амал қилувчи шартномани имзолашган.
«Ланс» сафидан туманли албионга ўтган футболчи ўзига бир вақтлар Марио Балотеллига тегишли бўлган 45-рақамли футболкани танлади. Унинг ўзи клуб сайтига берган интервюсида бу рақамни танлаши Беларусда профессионал футболни бошлаганида шу 45-рақамда ўйнагани билан изоҳлаган.
У интервюда «Манчестер Сити»да дунёнинг энг яхши футболчилари йиғилгани ва улар билан биргаликда майдонга чиқишини сабрсизлик билан кутаётгани, Пеп Гвардиолани — барча даврларнинг энг яхши мураббийларидан деб билишини ва ундан ўз ўйинини яхшилаш учун кўп нарса ўрганиш имкониятига эга бўлаётганидан мамнунлигини таъкидлаб ўтган. «Мен ва оилам учун бундай буюк клубга қўшилиш катта фахр беради ва мен бу чақириққа тайёрман», — деган футболчи.
15 клуб қизиққан, жумладан «Реал» ҳам
Ҳусанов янги мавсум бошида порлай бошлади ва «Ланс» мудофааси етакчисига айланди. Декабрга келиб у Европанинг топ-клублари назарига тушди, француз нашрлари дастлаб «Челси» ва «Нюкасл» томонидан қизиқиш ҳақида хабар беришди, январ ойига келиб Sky Sports даъвогарлар рўйхатига «Манчестер Сити»ни қўшди, Испаниянинг AS нашри эса — Мадрид «Реал» клубини. Шунингдек, ОАВда «Ювентус», «Милан», «Байер», «Боруссия», «Тоттенҳэм», «Лейпциг» ва бошқа клублар ҳам футболчи учун курашга қўшилгани тўғрисида хабарлар чиқиб турди — бундай клублар сони 15 га яқин эди.
Кўп ўтмай ҳақиқий даъвогарлар иккита экани ойдинлашди — «Реал» ва «Сити». Манчестер клуби бу қишда инқироздан чиқиш мақсадида кенг кўламли харидларни амалга оширмоқда ва маълумотларга кўра, бунинг учун 200 миллион евро сарфлашга тайёр. Ҳусанов ушбу стратегиянинг бир қисми бўлди: у мудофаа марказидаги муаммоларни ёпишга чақирилган.
«Реал»га ҳам ҳимоячи керак эди: Эдер Милитаонинг жароҳати клубни муҳим футболчисиз қолдирди, унинг ўрнига кўриб чиқилган «Тоттенҳэм»даги Микки ван де Вен ёки «Лейпциг»даги Кастелло Лукеба номзодлари эса қимматлик қилди (60 миллион евродан).
«Сити» бу рақобатда ғолиб чиқишида ҳам молия асосий ролни ўйнаган бўлиши мумкин. Нуфузли инсайдер Фабрицио Романо берган маълумотга кўра, «шаҳарликлар» трансфер учун «Ланс»га 40 миллион евро тўлайди, бонуслар билан бу миқдор 50 миллион еврога етиши мумкин. «Реал» катта эҳтимол билан бундай таклиф бера олмаган.
Топ-клублар нима учун талашди?
Чунки у жуда зўр кўрсаткичларга эга. Ҳусанов — тўпни олиб қўйиш бўйича Европада тенгсиз (ҳар 90 дақиқага ўртача 2,54 марта), яккакурашда устун келиш бўйича энг яхшилардан бири (ҳар 90 дақиқага ўртача 2,44 марта), шунингдек жуда тез югуради, бу мавсумдаги энг яхши натижаси - соатига 37 километрга етган; ўйинни яхши ўқийди ва ўзини ҳам, рақибини ҳам аямай тўпга ташланади, лекин қоидани бузмаган ҳолда подкатларда самарали ҳаракат қилади.
«Сити» ҳимоячилари билан солиштирганда ҳам Ҳусановнинг статистикаси яхшироқ: у барча кўрсаткичлар бўйича Стоунз, Аканжи ва Диашдан олдинда. Тўпни олиб қўйиш бўйича Ҳусанов Европадаги энг яхши 1 фоиз футболчи қаторида. Тўп йўналишини тўсишда энг яхши кўрсаткич «Сити» футболчилари орасида Диашда - бир ўйинга ўртача 0,99, Ҳусановда эса 2,4. Ҳаводаги дуэлларда ғолиб чиқиш бўйича Стоунз жамоанинг энг яхшиси - ҳар ўйинда ўртача 1,64 марта, Ҳусановда эса 2,58 марта.
Аммо унда камчиликлар ҳам йўқ эмас: Ҳусанов плеймейкер ҳисобланмайди ва ҳозирча замонавий ҳимоячилардан ҳужумда фаол бўлиш бўйича талабларга тўла жавоб бера олмайди.
Чунки Абдуқодирда шу вақтгача ижодкорликка вақт бўлмаган — унинг фаолиятида бу жиҳатларга эътибор қаратадиган клуб бўлмаган ва у биринчи навбатда рақиб ўйинини бузувчи футболчи сифатида ўсган.
Лекин у ҳали ёш ва машғулотларда жамоа ўйинига мослашиши осон бўлади, қолаверса, унинг трансферини шахсан Хосеп Гвардиоланинг ўзи сўраган.
Қисқа вақтдаги кўтарилиш
Абдуқодир Ҳусановнинг ҳикояси таъсирли. Унинг футболчи бўлган отаси Ҳикмат Ҳошимов кўп йиллар «Металлург» сафида ўйнаган, Ўзбекистон миллий жамоаси либосида 15 ўйин ўтказган. У ўғлини ортиқча эътибордан ҳимоялаш учун унга бобосининг фамилияси берган, Абдуқодир болалигидан отасидан намуна олган ва ота ҳам у «юлдузлик касали»га чалинишига йўл қўймаган.
«Бунёдкор» мураббийлари унда етарли салоҳият йўқ деб ҳисоблашгани туфайли у 16 ёшида клубни тарк этган. Аммо Абдуқодир таслим бўлмаган: Беларусга бориб, «Энергетик-БГУ» клубида шуғуллана бошлаган. 18 ёшида у ушбу жамоанинг асосий футболчисига айланган.
Бунга параллел равишда у Ўзбекистоннинг турли ёш тоифасидаги жамоаларида ўзини кўрсатиб, европалик скаутлар назарига тушган — 2023 йилда «Ланс» уни 100 минг евро эвазига ўз сафига қўшиб олган.
Шундан буён Ҳусановнинг Transfermarkt порталидаги нархи жадал суръатларда ўсди — 2023 йилдаги 400 минг евродан 2025 йилдаги 40 миллион еврогача. «Манчестер Сити» эса бу қадар катта пулни бежиз сарфламайди.
Ҳусанов – АПЛ тарихидаги илк ўзбекистонлик. Энди у ва «Манчестер Сити»нинг ўйинларини нафақат бутун Ўзбекистон, балки Марказий Осиё давлатларидаги мухлислар ҳам катта қизиқиш билан кузатишади.
Манба: Kun.uz