100 долларлик банкнотанинг эскисидан воз кечиляпти деган гаплар тўғрими?
0
Ижтимоий тармоқларда кўпгина мамлакатлар «эски» юз долларлик банкнотларни қабул қилишни босқичма-босқич тўхтатаётгани ҳақидаги хабарлар кўпайди. Ўзбекистон мисолида олсак, бу маълумотни Марказий банк инкор этди. Регуляторга кўра, мамлакатдаги ҳисоб-китобларда эски намунадаги 100 долларлик номиналидаги банкнотларнинг қонуний тўлов воситаси сифатидаги мақоми ўзгармаган.
Аммо, одамлар орасидаги қўрқув ва хавотир тарқалгани йўқ. Тижорат банкларига борган мижозларнинг аксарияти бундай купюраларни қабул қилишни хоҳламаяпти. Маиший техника, электроника, телефон сотадиган дўкондорлар (Ўзбекистонда бу тармоқларда аксарият маҳсулотлар долларда нархлангани боис валюта билан савдо қилиш одатий ҳолга айланган) ҳам эски долларни қабул қилишдан бош тортишяпти. Хўш, ўзи нима гап?
Туркияда тарқалган қалбаки долларлар
2024 йилнинг ноябр ойи охирида Туркияда қалбаки долларлар тарқалгани юзасидан тергов бошланди. Бунга мамлакатга 600 миллион долларлик қалбаки банкнотлар контрабанда йўли билан олиб кирилгани асос сифатида келтирилган. Натижада айирбошлаш шохобчалари ва банклар эски намунадаги 50 ва 100 долларлик купюралар билан операцияларни вақтинча тўхтатди.
Мутахассисларнинг айтишича, Туркияга қалбаки долларларнинг асосий қисми Сурия, Эрон ва Болқон ҳудудларидан олиб келинган. Қалбаки валюта билан боғлиқ биринчи операция Сурия билан чегарадош Газиантеп шаҳрида амалга оширилган. Қалбаки долларлар Анталия, Измир, Истанбул, Анқара каби туристик шаҳарларда ҳам аниқланган.
Марказий Осиёдаги вазият
Декабр ойининг ўрталарига келиб қозоғистонликлар банкларда эски намунадаги доллар купюралари комиссия эвазига қабул қилина бошлагани юзасидан эътироз билдира бошлашди.
Қирғизистонда ҳам “оқ” доллар билан боғлиқ муаммоли вазиятлар юзага келган. Таъкидланишича, мижозлар банклардан бу турдаги эски банкнотларни олишдан бош тортаётгани туфайли кассаларда катта миқдорда эски доллар тўпланиб қолган.
Ушбу воқеалар фонида Ўзбекистонда ҳам 1996 йил ва ундан олдин эмиссия қилинган доллар айрим банклар томонидан шикастланган банкнот сифатида тавсифланиб, уларни қабул қилишда қўшимча комиссия ундирилиши ойдинлашди.
Марказий банк ахборот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, шикастланган ёки муомалага яроқсиз банкноталарни хорижий эмитент банкларда алмаштириш жараёнида банк транспорт харажатлари, корреспондент банк ёки хорижий банкнинг комиссиясини қоплаш мажбуриятига эга. Шу сабабдан комиссия олинади ва унинг миқдорини ҳар бир банк мустақил белгилайди.
Эски долларнинг аниқ амал қилиш муддати борми?
РБКнинг ёзишича, янги ва эски намунадаги банкнотлар ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ ва уларнинг амал қилиш муддати кўрсатилмаган. Америка қонунларига кўра, 1914 йилдан бери чиқарилган барча федерал захира купюралари тенг қийматга эга. Эски пуллар яроқсиз ҳолатга келган тақдирда ҳам, уларни АҚШ банклари ёки ФЗТ орқали янгисига алмаштириш мумкин.
АҚШ доллари дунёдаги энг кенг қўлланадиган валюта ҳисоблангани учун ҳам мунтазам равишда янгиланиб, бошқача дизайн ва хавфсизлик элементлари билан бойитилади. Бу – валютани сохталаштиришга қарши курашнинг бир кўринишидир.
Масалан, энг кўп ишлатиладиган 100 долларлик банкнот 1862 йилда биринчи марта муомалага чиқарилган ва бир неча марта янгиланган. Хусусан, 1996 йилдан 2006 йилгача “оқ” доллар, 2004 йилдан бошлаб эса “кўк” доллар чиқа бошлаган. Банкнотнинг сўнгги дизайни 2013 йилда тасдиқланган бўлиб, эски намунадагиларидан ҳимоя ипчаси, сиёҳдон тасвири ва бўртма нақш киритилгани билан ажралиб туради.
Эски намунадаги доллардан фойдаланиш расман тақиқланган мамлакатлар борми?
Қонун билан расман тақиқланмаган бўлса-да, саёҳатчилар айрим мамлакатлардаги дўконлар ва айирбошлаш шохобчаларида эски дизайндаги Америка валютасини қабул қилмаслик ҳолатларига дуч келганини қайд этган.
Хусусан, туристик давлатлар ҳисобланувчи Туркия, Марокаш, Таиланд, Япония, Ветнам, Сейшел ороллари, Миср, Шри-Ланка, ЖАР, Покистон, Кения, Ҳиндистон, Танзания каби давлатларда шу каби ҳолатлар кузатилган.
Бу “оқ” банкнотларни сохталаштириш нисбатан осонлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шу сабабдан ҳам саёҳатга кетаётганлардан имкон қадар янги дизайндаги “кўк” купюраларни олиб юриш тавсия этилади.
Манба: Kun.uz