Хитой молия бозорларида навбатдаги инқироз юз бермоқда
0
Фото: Alamy
Бу беқарорликнинг асосий сабаби – инвесторларнинг Хитой ҳукумати иқтисодий сиёсатига бўлган ишончи камайишидир.
Ҳукумат иқтисодиётни рағбатлантириш ва кўчмас мулк бозорини қўллаб-қувватлашга ваъда берган бўлса-да, бу чоралар кутилган натижаларни бермади.
Масалан, тикланиш учун ажратилган маблағларнинг катта қисми маҳаллий ҳукуматларнинг қарзларини тўлаш учун сарфланди, бу эса иқтисодий ўсишга таъсир кўрсатмади. Бундан ташқари, уй-жой савдоси асосан йирик шаҳарларда ошган бўлса-да, кичик шаҳарларда нархлар пасайишда давом этмоқда.
Халқаро босим ҳам вазиятни янада оғирлаштирмоқда. АҚШ томонидан Хитой экспортига янги тарифлар жорий этилиши мумкинлиги ва Tencent компаниясининг Хитой ҳарбийлари билан боғлиқ рўйхатга киритилиши сармоячиларнинг хавотирини кучайтирмоқда.
Айни пайтда, Хитой регуляторлари бозорни барқарорлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Марказий банк 800 миллиард юан ажратган ва давлат корхоналари акцияларни сотиб олиш орқали нархлар тушишининг олдини олишга уринмоқда. Бироқ, бу чоралар вақтинчалик ёрдам бериб, чуқур таркибий муаммоларни ҳал этмайди.
Таҳлилчилар фикрича, Хитой иқтисодиётига ишончни тиклаш учун кескин чоралар ва узоқ муддатли ислоҳотлар талаб этилади. Акс ҳолда, мамлакат “Йўқолган ўн йиллик” номини олган Япониянинг стагнация даврига ўхшаш вазиятга тушиб қолиши мумкин.