Қирғизистонда симоб сотишга уринган ўзбекистонлик ушланди
0
18 январ куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқароларидан иборат трансмиллий жиноий гуруҳни 0,5 килограмм симобни сотишга уринган вақтда қўлга олди. Ҳибсга олиш Ўш шаҳри кафеларидан бирида содир бўлган, деб хабар берди 24.kg.
Тергов маълумотларига кўра, хавфли модда Ўзбекистондан ноқонуний равишда Қирғизистонга олиб кирилган. Контрабандачилар симобнинг бир граммини 4 минг долларга баҳолаган.
Қўлга олинганлар орасида Ўзбекистоннинг бир нафар фуқароси ва Қирғизистоннинг уч нафар фуқароси бор. Уларнинг барчаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган. Мазкур ҳолат юзасидан Қирғизистон Жиноят кодексининг 292-моддаси («Кучли таъсир этувчи ёки заҳарли моддаларни сотиш мақсадида қонунга хилоф равишда ўтказиш») билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноий гуруҳ фаолиятига алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш бўйича тергов-тезкор тадбирлари ўтказилмоқда.