Энди гаджетларни инсон танаси орқали зарядлаш мумкин
0
АҚШнинг Карнеги-Меллон университети олимлар гуруҳи Power-Over-Skin номли инновацион технологияни ишлаб чиқди. Ушбу технология электр энергиясини инсон танасидан ўтказиш имконини беради. Келажакда тақиладиган қурилмаларда батареяларга эҳтиёж қолмаслиги мумкин.
Фитнес-трекерлар, ақлли соатлар ва турли хил тиббий қурилмалар мунтазам зарядлашни талаб этади. Power-Over-Skin ушбу муаммони танани электр токи ўтказувчисига айлантириш орқали ҳал қилади. Ишланма тақиладиган электроника соҳасида инқилобий ўзгариш ясаши, бундай гаджетларни янада ихчам, енгил ва сезилмас қилиши мумкин.
Тадқиқотлар кўрсатишича, инсон танаси радиочастоталарни самарали ўтказиш қобилиятига эга. Тажрибалар давомида олимлар батарея билан ишлайдиган узаткичдан фойдаланиб, энергияни кичик қурилмаларга, масалан, узукдаги Bluetooth-жойстикка ёки ёриткичли сирғага узатди.
“Худди радио ҳаво орқали сигналларни узатганидек, танадан ҳам ўтказгич сифатида фойдаланамиз”, — деди олимлардан бири Энди Конг.
Тана орқали энергия ўтказадиган квадрат тўлқинлар анъанавий синусоидал тўлқинларга қараганда самаралироқ бўлиб чиққан. Бу кашфиёт тасодифан қилинган бўлса-да, кейинги илмий изланишларга кучли туртки берди.
Ушбу технология қурилмаларни катта ҳажмдаги батареяларга қарамликдан халос этиши мумкин. Масалан, қон таркибидаги қанд миқдорини ўлчовчи асбоблар, юрак ритми бошқарувчилари ва бошқа тиббий қурилмалар жуда кичик ўлчамларда ясалиб, мустақил ишлаш имкониятига эга бўлиши мумкин. Бу эса гаджетларни тақинчоқларга қадаш имконини беради: фойдаланувчиларга деярли сезилмайдиган сирғалар ёки билагузуклар каби.
Ҳозирда Power-Over-Skin технологияси билан фақат кам энергия истеъмол қиладиган қурилмалар, масалан, ёруғлик диодларини ишлатиш мумкин. Бироқ олимлар гуруҳи бу технологиянинг қувватини 10 баробарга оширишни режалаштирмоқда. Натижада симсиз қулоқчинлар каби мураккаброқ қурилмаларни ҳам зарядлаш имкони бўлади.
Технология ҳали ишлаб чиқиш босқичида бўлса-да, унинг салоҳияти катта. У тақиладиган электроника қурилмаларини лойиҳалашга бўлган ёндашувни тубдан ўзгартириши ва миллионлаб фойдаланувчиларнинг ҳаёт сифатини сезиларли даражада яхшилаши мумкин.