Гвардиола Ҳусановга тезда бажариши керак бўлган катта талабни қўйди
0
Шу муносабат билан манчестерликлар қишки трансферлар ойнасида уч йирик трансферни амалга оширди. Жамоа марказий ҳимояга “Ланс”дан Абдуқодир Ҳусановни, “Палмейрас”дан Витор Рейсни ва “Айнтрахт” тўпурари Умар Мармушни қўшиб олди. Бу ўтказмалар учун 120 миллион фунтдан ортиқ маблағ сарфланди. Шунингдек, клуб қишки трансферлар ойнаси якунлангунга қадар яна янги ўйинчиларни жалб қилиш устида иш олиб бормоқда.
Қаторга 20 ёшли марказий ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов ҳам қўшилди. Англия чемпионлигини кетма-кет тўрт марта ютган ягона жамоа ҳисобланган “Манчестер Сити”нинг янги футболчисига катта масъулият юкланади.
Инглиз мухлислари ўта талабчан бўлиб, Ҳусановдан жамоадаги ўйинлари орқали ўзини танитиб, ишонч қозонишни кутмоқда. Унинг ҳаётида ва карьерасида янги босқич бошланди, ва бу босқичда муваффақиятга эришиши катта қизиқиш билан кузатилмоқда.
“Шаҳарликлар” бош мураббийи Хосеп Гвардиола Абдуқодир Ҳусанов ҳақида илиқ фикр билдириб, унинг жамоага мослашувини ижобий баҳолади:
“Абдуқодир Франция чемпионатидаги тажрибаси сабаб жамоамизга тез мослашди. У тезкор ва шиддатли ўйинларга қарши ҳаракат қилишни билади. Бироқ, ҳали ҳал қилиниши лозим бўлган муҳим масала бор — у инглиз ёки француз тилида эркин гаплаша олмайди. Буни тез орада ҳал этишимиз керак”, — деди Гвардиола.
Абдуқодир Ҳусанов ўзининг профессионал ривожланиши билан диққатга сазовор. Ўзбекистон Суперлигасида бирорта ҳам учрашувда қатнашмаганига қарамай, у Беларусь ва Франция чемпионатларида муваффақият қозонди. Энди эса у замонавий футболнинг ватани бўлган Англияни забт этиши лозим.
Хосеп Гвардиола 50 миллион еврога олинган ҳимоячига ўзини намоён этиш учун етарли имконият беришини таъкидлаган. Асосийси, Абдуқодир бу имкониятдан фойдаланиб, ўзининг иқтидори ва имкониятларини амалда исботлай олиши керак. Унинг истеъдоди ва меҳнатсеварлигига ишониб, “Манчестер Сити”да муваффақият қозонишини умид қиламиз.