Жанубий Кореядаги самолёт портлашининг эҳтимолий асосий сабаби айтилди
0
Жанубий Кореянинг Авиация ва темир йўлдаги аварияларни текшириш қўмитаси Boeing 737-800 самолёти ҳалокати қурбонларининг яқинлари учун брифинг ўтказди. Мутахассисларнинг айтишича, самолётнинг «қора қутиси» ёзувлари аэропорт диспетчерлари «қушлар фаоллиги» ҳақида огоҳлантириш берганидан роппа-роса бир дақиқа ўтиб тўхтаган. Видеокузатув камералари тасвирида самолёт қушлар галаси билан «тўқнашганидан» кейин иккинчи даврага йўл олгани кўринади, деб хабар берди Yonhap.
Тахминларга кўра, иккала двигател ишдан чиққанидан кейин самолётнинг электр таъминоти узилган. Аэропорт камераларидан олинган видеода самолёт ҳавода бўлганида двигателларидан олов ёки тутун чиққани қайд этилмаган, бироқ комиссиянинг тушунтиришича, самолёт бир нечта қушлар билан тўқнашган деб тахмин қилинмоқда. Мутахассислар қулаган самолётнинг иккала двигателида ҳам қуш патлари ва қон доғлари топилганини тасдиқлади.
29 декабр куни JeJu Air авиакомпаниясига тегишли самолёт Муанга қўнаётганда ҳалокатга учради. Самолёт қўниш йўлагида тезлигини пасайтира олмай, бетон конструкцияга бориб урилган ва ёниб кетган. Самолёт бортида 181 киши бўлган. Улардан 179 киши ҳалок бўлди, самолётнинг дум қисмида бўлган икки стюардесса тирик қолди. Авиаҳалокат Жанубий Корея тарихидаги энг ҳалокатли воқеа бўлди ва мамлакатда етти кунлик мотам эълон қилинди.
Мутахассислар ҳалокатга техник носозлик сабаб бўлиши мумкинлигини тахмин қилишди. JeJu Air самолётининг иккита регистратори парвознинг сўнгги дақиқаларини ёзиб олмаган, бу эса терговни мураккаблаштирган.