АҚШ ҳукумати ноқонуний муҳожирларни оммавий равишда қувғин қилмоқда
0
Трампнинг матбуот хизмати “юзлаб ноқонуний жиноятчилар” депортация қилинганини хабар қилиб, бошланган жараённи “тарихдаги энг катта оммавий депортация амалиёти” деб атади.
“Ваъда қилинганидек, президент Трамп дунёга кучли мессеж юборяпти: Қўшма Штатларга ноқонуний кирадиганлар жиддий оқибатларга рўбарў бўлади”, – дейилади расмий релизда.
23 январ, пайшанба куни 538 нафар муҳожир ушланган, шулардан 373 нафари – жиноий фаолияти учун қўлга олинган.
Депортация қилинганлар орасида терроризмда гумонланган шахс, Венесуэладаги “Трен де Арагуа” жиноий гуруҳнинг тўрт аъзоси ва вояга етмаганларга нисбатан жинсий жиноятларда айбланган бир нечта нолегал шахс ҳам бор, дея маълум қилди президентнинг матбуот котиби Керолин Левитт.
Доналд Трамп сайловолди кампанияси вақтида “Трен де Арагуа” жиноий гуруҳи Колорадо штатидаги Аурора шаҳрини “уруш зонаси”га айлантириб юборганини айтган.
АҚШ-Мексика чегараси яқинида, 23 январ 2024 йил / Фото: Gregory Bull/AP
23 январ куни 80 нафар эркак АҚШнинг Техас штати ва Мексикани боғловчи кўприк орқали Мексикага қайтариб юборилди. / Фото: Christian Torres/Anadolu via Getty
АҚШда бўлиш учун қонуний асосларга эга бўлмаган шахсларни ҳибсга олиш амалиёти Трамп инаугурациясининг эртасига, 21 январдан бошланган. Fox News'га кўра, дастлабки икки кунда 460 киши ушланган. Дастлабки иккита ҳарбий рейсда тахминан 80 нафардан мигрант ватанига ташлаб келингани айтилмоқда.
Америка ҳарбий самолётлари мигрантлар депортациясига жалб этилиши яқин йилларда кузатилмаганди.
Техас штатидаги Эл Пасо ҳарбий аэродроми / Фото: Оқ уй матбуот хизмати
Техасда, Мексика билан чегарада қурилаётган девор / Фото: Charly Triballeau/AFP via Getty
Эслатиб ўтамиз, президент Доналд Трамп сешанба кунги инаугурация маросимида чегарада фавқулодда ҳолат жорий этиши ва қатъий миграцион тизим жорий этишини айтганди.
Унинг сўзларига кўра, янги ташаббус барча ноқонуний мигрантларга тааллуқли эмас, фақат жиноий ўтмишга эга 500 минг шахсни қамраб олади. Бу кўрсаткич 2013 йилда Барак Обама маъмурияти даврида депортация қилинган 430 минг кишилик рекорддан ҳам ошиб кетади.
CNN манбаларига кўра, Трамп 1 миллиондан 2 миллионгача ҳужжатсиз муҳожирни имкон қадар тезроқ АҚШдан ҳайдаб чиқаришни истамоқда.