Покистонда 4 киши куфрда айбланиб ўлимга ҳукм қилинди
0
Мамлакатнинг Худога куфр келтириш тўғрисидаги қонунларига кўра, ислом дини ёки унинг дин пешволарини ҳақорат қилишда айбдор деб топилган ҳар бир киши ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Ҳукумат бундай жазони ҳали қўлламаган, аммо шаккокликда айблаш оломон зўравонлиги ёки репрессияга сабаб бўлиши мумкин.
Равалпинди шаҳридаги судья Тариқ Аюб Худога шак келтириш, дин пешволарига ҳурматсизлик ва Қуръонни таҳқирлаш кечириб бўлмайдиган жиноятлар эканлигини ҳамда бундай ҳолатларда раҳм-шафқатга ўрин йўқлигини таъкидлади.
Судья ўлим жазосига ҳукм қилиш билан бирга, тўрт кишининг ҳар бирига 4,6 миллион рупия (тахминан 16 500 АҚШ доллари) миқдорида жамоавий жарима солди ва юқори суд томонидан ўлим ҳукмлари бекор қилинган тақдирда, уларни қамоқ жазосига ҳам маҳкум этди.
Айбланувчиларнинг ҳимоячиси Манзур Раҳмоний суд қарорини ва тергов органларида далиллар йўқлигини кескин танқид қилди.
Бундай ҳолларда юзага келадиган шубҳа ва ноаниқликлар судлар томонидан эътиборсиз қолдирилмоқда. Бунинг сабаби, эҳтимол, агар айбланувчи оқланса, диний реакция ва оломоннинг судьяга қарши зўравонлигидан қўрқишдир, деди Раҳмоний.
У ушбу қарор устидан апелляция тайёрлаб, уни Олий судга юборишини маълум қилди.
1980 йилларда Покистонда Худога шак келтиришга қарши қабул қилинган қонунлар исломни ҳақорат қилишни ноқонуний деб белгилаган.
Ўшандан буён одамлар динни таҳқирлашда, унинг муқаддас матнларини ҳақоратлашда ёки масжид деворларига ҳақоратли сўзлар ёзишда айбланиб келмоқда. Қонун танқидчилари унинг шахсий низоларни ҳал қилиш учун қўлланилаётганини таъкидлашмоқда.