Яқин Шарқ минтақасида қандай савдолашувлар кетяпти?
0
— Трампнинг Исроилга ён босиш сиёсати Яқин Шарқда қандай геосиёсий ўзгаришларга олиб келиши мумкин?
Камолиддин Раббимов: Доналд Трампнинг мойилликлари жуда яхши ўрганилган ва биз уни яхши биламиз. Бу галги сайлов ва ундан кейинги жараёнларда унинг стилистикаси анча ўзгарган ҳамда у исломофобияни тез-тез тилга олаётгани йўқ. Бироқ унинг Исроил билан муносабатлари жуда яхши ва унинг оиласида ҳамда сайлов кампаниясига ҳомийлик қилган шахслар орасида яҳудийлар бор. У биринчи ваколат муддатида Суриянинг босиб олинган Жўлон тепаликларини Исроил ҳудуди сифатида тан олган ва бу актга қўл қўйган биринчи президент. Исроилликлар АҚШда ҳокимият тепасига республикачилар эмас, балки айнан Трамп келишини истаган ва яқинда ўтказилган ҲАМАС ва Исроил музокараларида ҳам Доналд Трампнинг роли катта. Трамп ҳарбий урушлар эмас, балки савдо-иқтисодий ҳамда психологик урушлар тарафдори. Бундан ташқари, Суриядаги тўнтаришлар фонида Исроил Суриянинг бир қанча ҳудудларини босиб олди ва бироз вақт ўтиб Доналд Трамп бу ҳудудларни Исроилники деб тан олиши эҳтимоли мавжуд. Шулардан келиб чиқсак, Трампнинг президентликка келиши Яқин Шарқдаги вазиятга катта таъсир кўрсатади, Исроилнинг “қўллари анча ечилади” ва минтақадаги америкапараст лойиҳалар жадаллашади.
Шавкат Икромов: Ҳозирда кузатувчилар томонидан 2020 йилдаги Исроил ва Саудия Арабистони ўртасидаги Иброҳим келишувларини якунлаб қўйиш масаласи кўтарилиши айтилмоқда. Саудия эса бу келишув учун Исроил Ғазода тинчлик ўрнатилиши керак деган қатъий позицияда турибди. Ғазода Исроил ҳокимиятининг ўрнатилиши араб давлатлари, хусусан, Саудиянинг кескин норозилигига сабаб бўлади. Трамп Иброҳим келишувларига эришиш учун катта кредитлардан фойдаланган, яъни БАА анчадан бери қўлга кирита олмаётган қуролларини АҚШдан сотиб олган ва хавфсизлигини кучайтирган. Ҳозирда минтақада нормализация жараёни кетяпти, араб давлатларининг Туркия билан муносабатлари яхши ва жорий 4 йилликда Трамп араб давлатларига босим ўтказиб бирор нарсага эришиши қийин. Бу муддатда минтақада катта урушлар кутилмаяпти, чунки катта урушлар Америка манфаатларига ҳам зид ҳисобланади.
Ҳабибуллохон Азимов: Доналд Трампнинг баёнотлари ёки минтақага босимини Ғазодаги урушни тўхтатиш сифатида баҳолаш керак эмас, чунки яқинда амалга оширилган келишув тинчлик шартномаси эмас, балки шунчаки асирлар алмашиш бўйича музокаралар экани айтилди. Шундай экан, Трампнинг ҳокимиятга келиши Ғазодаги урушда бироз танаффус юзага келтириши мумкин, бироқ бу Исроилнинг минтақадаги тажовузкорона сиёсатига тўсиқ бўлмайди.
Фарҳод Каримов: АҚШнинг Ғазога нисбатан сиёсати ўзгармайди, чунки Америка президентлари алмашганида бу минтақага нисбатан ёндашув ўзгариши мумкин, бироқ сиёсат йўналиши ўзгармайди. Исроил ўзининг атрофидан Эрон кучларини йўқотишни мақсад қилган. Яқин Шарқ давлатларининг барчаси Эрон борасида деярли бир хил позицияга эга ва АҚШ уларни қўллаб-қувватлаб келади. АҚШнинг Яқин Шарқ давлатларида қурилган ҳарбий базалари ҳам айнан шу мақсадларга хизмат қилади. Эроннинг ўзи ҳам анча ўзгаряпти, яъни кўп векторли ташқи сиёсат юритмоқчи бўляпти. Трампнинг Фаластин бўйича сиёсати бироз мўътадиллашиши мумкин, чунки унга ҳозирча араб давлатлари билан яхши муносабатлар керак, шунингдек, Исроилни молиявий қўллаб-қувватлаш жуда қимматга тушяпти. АҚШ Исроилни бошқа сиёсий инструментлар ёрдамида ҳам қўллаб-қувватлаши мумкин, бундан ташқари, бундай ҳарбий юришларни қўллаб-қувватлаш Трамп сиёсатига ҳам зиддир.
— Нетаняҳу Ғарбий соҳилда ҳам операция бошлади, Женинда куч ишлатиш Ғазодаги каби кенг қирғинга айланиб кетиши мумкинми?
Камолиддин Раббимов: Ғазо сектори ғазоликлар ва ҲАМАС назоратида бўлган ва уруш кучайиб кетган, Ғарбий соҳиллар эса исроилликларнинг аҳоли пунктлари орқали деярли эгаллаб бўлинган. Ғазо тўлиқ ҲАМАС назоратида бўлгани учун у ерга 7 октябрдан олдин кира олмас эди. Ғарбий соҳиллар Фаластин ҳудуди бўлишига қарамай, у ерда Исроил таъсири жуда кучли. Шу сабабли Исроил катта ҳарбий операциялар ўтказса, исроилликларнинг аҳоли пунктларига жиддий зарар етказиши мумкин.
Шавкат Икромов: Ғарбий соҳиллардаги операциялар кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларга айланиши эҳтимоли жуда кам. Бироқ бу ерда таркибий ўзгаришлар учун жуда фаол ҳаракатлар олиб бориляпти. Ғарбий соҳилнинг норасмий губернатори сифатида Нетаняҳу атрофидаги ўта ўнгчилардан бири Смотрич эътироф этилади ва Ғазо билан келишувнинг иккинчи босқичи сабабли ўз истеъфосини эълон қилишини айтган сиёсатчилардан бири айнан Смотрич эди. Унинг истеъфоси Нетаняҳу атрофидаги ўта ўнгчиларни парчалаб юборади ва Нетаняҳунинг ўзи ҳам истеъфога чиқиши мумкин. Натижада эса унга очилган кўплаб жиноий ишлар яна кўтарилиши эҳтимоли бор. Ғарбий соҳилдаги операциялар эса мазкур ўта ўнг сиёсатчиларни чалғитиш учун олиб борилмоқда. Ғарбий соҳилдаги вазият келишув иккинчи босқичининг ортга сурилишига ёки умуман амалга ошмаслигига олиб келиши мумкин.
Ҳабибуллохон Азимов: Нетаняҳу Ғарбий соҳилдаги операциялар орқали бу ҳудудда яшовчи фаластинликларнинг мажбурий миграциясини ташкил этишга ҳаракат қилаётган бўлиши мумкин. Бунга уни ўта ўнг сиёсатчиларнинг кучли босими ундаган бўлиши эҳтимоли бор.
Фарҳод Каримов: Исроил бундай операцияларни вақти-вақти билан амалга ошириб туради, бундай ҳаракатлар аввал ҳам бўлган, аммо Ғазодаги уруш фонида бу билинмаган. 19 январда Женин бригадаси ва Фаластин ҳукумати ўртасида тўқнашув юз берган, асирлар алмашинуви доирасида озод қилинаётганлар орасида Женин тўқнашувида ҳибсга олинаётганлар бор ва исроилликларнинг ўзи Нетаняҳуга мазкур асирлар озод қилинса, Женинга қайтиши ва яна муаммо чиқаришидан хавотирли норозилик билдирган, шу сабабли Ғарбий соҳилларда тозалаш ишлари давом этмоқда.
— Эроннинг қаршилик ўқи синиши минтақадаги кучлар мувозанатини бутунлай ўзгартирадими? Яқин 4 йилликни қандай тасаввур қиласиз?
Шавкат Икромов: Ҳозирги вазиятда Эрон ўз қаршилик кучини қайта тиклаши имконсиз. Бунда асосий нуқта эди ва Башар Асаднинг ҳокимиятда туриши Эроннинг Суриядаги айрим кучларни қўллаб-қувватлаш ва уларни бирлаштиришга ундаган бўларди. Лекин энди у ерда бошқа кучлар ҳукмрон ва улар бошқа давлатлар билан муносабат ўрнатмоқчи. Эрон атрофдаги Исроилга қарши кучларни қўллаб-қувватлаш орқали Исроилни заифлаштирмоқчи эди, бироқ урушлар натижасида ўша кучларнинг ўзи ниҳоятда заифлашди. Ҳозирда деярли барча кузатувчилар Сурияда тинчлик ва барқарорлик ҳукм сурса, Эрон ўз қаршилик ўқини яқин тўрт йилликда тиклаши ниҳоятда қийин масала экани ҳақида ёзмоқда.
Камолиддин Раббимов: Эрон ўзининг қаршилик кучларини қўллаб-қувватлашдан ва изоляциядан қаттиқ чарчаган. Шунинг учун ҳам изоляциядан чиқишга ҳаракат қилувчи сиёсатчиларга овоз берган. Энди қаршилик байроғи Эрондан Туркия қўлига ўтяпти. Бироқ Туркиянинг ресурслари жуда катта эмас, шунингдек, президент ҳам яқин йилларда алмашиши мумкин, агар Эрдўған яқинда президентликка сайланиб, яна 20 йил бошқарувда бўлиш имкониятига эга бўлганида унинг қаршилик ўқини истиқболли деб аташ мумкин бўларди.
Фарҳод Каримов: Эроннинг кучсизланиши минтақадаги геосиёсий вазиятга катта таъсир қилади, албатта. Энди сиёсатда бўшлиқ пайдо бўляпти ва Эрон бу бўшлиқни тўлдиришга уринмаяпти. Чунки унинг асосий мақсади ўзидаги ички ўзгаришларни иложи борича тезроқ амалга ошириш. Шу сабабли у кўп векторли сиёсат йўлини танлаган, ҳатто Россия билан ҳам эҳтиёткор муносабатда бўляпти. Яқинда имзоланган стратегик ҳамкорлик шартномасида ҳарбий банд киритилмади, шунчаки улар урушга кирса, иккинчи томонни қўллаб-қувватламаслик тўғрисидаги бандни қўшди холос. Эрон Ғарб билан яқинлашиш орқали ўз минтақасидаги айрим манфаатлардан воз кечиши керак бўлади, бу эса геосиёсий бўшлиқни юзага келтиради, Эрондан қолган бўшлиқни Туркия, Исроил ёки Саудия тўлдириши мумкин.
— Араб давлатларида диний ва дунёвий кучлар ўртасидаги зиддиятлар янги инқилоблар ёки инқирозларга сабаб бўлиши мумкинми? Қайсидир давлатларда бунинг элементлари борми?
Фарҳод Каримов: Таҳрир Ҳайят аш-Шомнинг Сурия ҳокимияти тепасига келиши минтақага янги сиёсий-диний импулс бериши мумкин, Яманда ҳам диний муаммолар тўлиқ ҳал бўлмаган, шунингдек, Мисрдаги ҳаракатлар ҳам таг-туги билан йўқолмаган, бундан ташқари, Ливияда диний ҳаракатларни сиёсийлаштириш масаласи долзарб. Тунисда ҳам диний радикал гуруҳлар ҳамда ҳукумат ўртасидаги муносабатлар тўлиқ шакллангани йўқ. Ироқ ва Сурия масаласи ҳам жуда жиддий, Ироқда суннийлардан кейин ҳокимият тепасига шиалар келганига қарамай, бу ҳукмрон шиалар курдлар ҳисобланади. Курдлар эса этник муаммоларни келтириб чиқариши мумкин, чунки мамлакатда асосан араблар яшайди, аммо нефт базаларига курдлар эгалик қилади. Бундай муаммолар Яқин Шарқ минтақасида ҳалигача мавжуд ва Исроил бундан усталик билан фойдаланади.
Шавкат Икромов: Диний радикал гуруҳлар Ғарб давлатлари томонидан минтақадаги ўз мустамлакаларини тарк этиш чоғида уларни бошқариб туриш учун сабаб сифатида ташкил қилинган. Ҳозирда Исроил мазкур радикал гуруҳлардан ҳукуматларга қарши курашиш ва ўша курашлар фонида ўз режаларини амалга оширишга ҳаракат қилиб туради. Бундай тактикадан бир пайтлар Ғарб давлатлари муваффақиятли фойдаланиб келган.
— Туркиянинг Яқин Шарқ доскасида роли қандай бўлади?
Фарҳод Каримов: Туркиянинг Яқин Шарқдаги манфаатлари, нуфузи ва таъсири кучайди. Масалан, Эрон Сурияда қолдирган бўшлиқларни айнан Туркия эгаллади. Бундай вазият Ғарб давлатлари учун анча яхшидек кўринади, чунки у НАТО аъзоси ва нисбатан Ғарбга яқин давлат. Бироқ Туркия мусулмон давлат ва вақти келиб Исроилга етарлича муаммоларни юзага келтириши мумкин. Шу сабабли АҚШ ва Исроил Эрондан қолаётган бўшлиқларни тўлиқ Туркия эгаллашидан манфаатдор эмас, Туркиянинг кучайиши кун келиб Туркия ва Исроил ўртасида ўзига хос бир рақобатни шакллантиради.
Шавкат Икромов: Америкада шундай қараш пайдо бўлганки, Яқин Шарқ минтақасида бирор бўшлиқ юзага келиши билан Хитой ва Россия бу бўшлиқни тўлдиришга ҳаракат қилади. Бу қарашга кўра, уларга Туркия маъқулроқ, бироқ минтақа давлатлари Туркияни қабул қилишни истамайди – бир нечта араб мамлакатлари узоқ вақт Усмонлилар империяси таркибида бўлишган.
Туркиянинг Исроилга нисбатан шу вақтгача бўлган муносабати, Ғазодаги қирғинда Исроилни тийиш учун реал ҳаракатларни амалга оширмагани (Анқарада бундай имкониятлар бор эди) кейинчалик Туркия Исроилни тийиб турадиган кучга айланади дейишга имконият бермайди.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Манба: Kun.uz