АПЛнинг расмий сайти Абдуқодир Ҳусанов ҳақида ғаройиб факт чиқарди
0
“Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола 20 ёшли ўзбек футболчисини Англия Премьер-лигасининг 23-турида “Этихад” стадионида “Челси”га қарши ўтказилган беллашувда бошланғич таркибда майдонга туширди.
Қизиғи шундаки, “Челси” клуби ҳам “Ланс”да порлаган ўзбекистонлик легионерни олиш учун даъвогарлик қилган йигирмага яқин клуб орасида бор эди. Бироқ ҳамюртимиз учун курашда “шаҳарликлар”нинг дадиллиги ва тиккан суммаси иқтидорли ҳимоячининг чемпион жамоани танлашига етарли асос бўлиб хизмат қилди.
Ҳусанов дебют учрашувининг илк дақиқалариданоқ фаолиятидаги энг катта синовга дуч келди. Учрашув бошланиши билан тўрт дақиқа ичида рақибнинг тезкор голига сабабчи бўлди, қўполлиги учун сариқ карточка олди, бир неча бор тўп узатишда ноаниқ ўйнади. Дебютдаёқ “қовун” туширган легионеримиз қисқа вақт ичида ўзини ўнглаб олди.
Ўзи ўйнаган 54 дақиқа ичида рақиб ҳужумини бузган, тезкор ҳужумчиларни тўхтатган, улардан тўпни олиб қўйган, дарвозага берилган аниқ зарбани блоклаган вазиятлар ҳам бўлди. Англиялик мухлислар Ҳусановни майдондан олқишлар билан, ёш ўйинчини қўллаб-қувватлаган ҳолда кузатиб қўйди.
Англия Премьер-лигасининг расмий premierleague.com сайти Абдуқодир Ҳусанов ҳақида қизиқарли фактларни эълон қилди.
Англиядаги илк ўзбек футболчисига айланган Абдуқодир Ҳусанов Премьер-лиганинг 33 йиллик тарихи давомида 126-мамлакат вакили бўлди.
Абдуқодирнинг “Челси”га қарши иштирок этган ўйини билан 2024-2025 йилги мавсумда Англия Премьер-лигасида футболчилари майдонга тушган мамлакатлар сони 62 тага етди.
Ер куррасидаги етти қитъадан фақат Антарктида вакиллари Англия Премьер-лигасида ўйнамаган холос. Жаҳон футболининг энг қудратли лигасида қолган олтита қитъа вакиллари мунтазам тўп тепиб келади.
Бугунги кунда Европанинг 48, Африканинг 33, Шимолий Американинг 19, Жанубий Американинг 12, Океаниянинг 2 мамлакати футболчилари Англия чемпионатида ўйнамоқда. Абдуқодир Ҳусанов майдонга тушиши билан АПЛга футболчи жўнатган Осиё қитъаси мамлакатлари сони 12 тага етди.
Ўзбекистон Осиё футбол конфедерацияси аъзоси бўлганини инобатга олиб, ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига қитъамизнинг қайси мамлакатларидан нечтадан футболчи Англия премьер-лигасида ўйнаётгани ҳақида маълумотни эълон қилишни маъқул топдик.
Демак, Жанубий Корея ва Япониядан 15 нафардан, Хитойдан етти, Эрондан беш, Бангладеш, Индонезия, Ироқ, Ўмон, Покистон, Филиппин, Сурия ва Ўзбекистондан биттадан футболчи Англия Премьер-лигаси жамоаларидан қўним топган.
Австралия конфедерациялар миқёсида Осиёга тегишли бўлса-да, қитъалар бўйича Океания ҳудудида жойлашган. Премьер-лигада бу мамлакатнинг 56 нафар футболчиси борлиги қайд этилди.