Полшада жосуслик дастури билан 600 га яқин сиёсатчининг телефони эшитиб келинган
0
Полша махсус хизматлари мамлакатдаги 578 нафар сиёсатчининг телефон қўнғироқларини тинглаб келгани маълум бўлди. Бунда мамлакат Исроилдан харид қилинган Pegasus жосуслик дастурий таъминотидан фойдаланган.
Rzeczpospolita нашри маълумотларига кўра, дастурий таъминот дастлаб Корруспяга қарши курашиш марказий бюроси ташаббуси билан сотиб олинган, аммо кейинчалик олинган маълумотлардан Ички хавфсизлик агентлиги (ИХА), Ҳарбий контрразведка хизмати (ҲКХ) ва полиция ҳам фойдаланишга ўтган.
Шу билан бирга, ИХА ва ҲЖХ антикоррупция бюросига Pegasus ёрдамида олинган маълумотлардан фойдалангани учун пул тўлаган. Ҳарбий контрразведка маълумотлар учун Коррупцияга қарши курашиш марказий бюросига ҳар йили қарийб 1 миллион доллар ўтказиб берган.
Нашрнинг қайд этишича, полшалик сиёсатчилар тўғрисида олинган маълумотларнинг бир қисми Исроилга топширилган ҳам бўлиши мумкин.
2025 йил ўрталарида ушбу жосуслик дастурий таъминотидан фойдаланишни тергов қилаётган давлат комиссияси фаолияти тўхтатилиши мумкин, чунки у бир йил давомида деярли ҳеч қандай аниқ маълумотларни қўлга киритишга муваффақ бўлмаган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг апрелида Испания Олий суди Исроилнинг NSO Group компаниясининг Pegasus жосуслик дастуридан фойдаланган ҳолда бош вазир Педро Санчес ва бошқа испан сиёсатчиларининг телефонлари бузиб кирилгани эҳтимоли бўйича терговни қайта бошлаган эди.