Эрон Трампга исроилликларни Гренландияга кўчириш кераклигини айтди
0
АҚШ президенти Дональд Трамп Ғазони “тозалаш” учун фаластинликларни араб давлатларига кўчиришни таклиф қилганди. Эрон бунаг жавобан исроилликларни Гренландияга кўчиришни илгари сурдди. Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи Sky News нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
“Менинг таклифим бошқача. Фаластинликлар ўрнига исроилликларни ҳайдашга ҳаракат қилинг, уларни Гренландияга олиб боринг, шунда бир ўқ билан иккита қуённи ўлдирасиз”, деди Арағчи.
Вазир Исроилнинг АҚШ кўмагида Эроннинг ядровий дастурига эҳтимолий ҳужум қилишига қуйидагича муносабат билдирди:
“Биз ядро объектларимизга қилинган ҳар қандай ҳужумга дарҳол ва қатъий жавоб берилишига аниқ ишора қилдик. Лекин улар бундай аҳмоқона ишга қўл уради, деб ўйламайман. Бу ҳақиқатан ҳам телбалик. Бутун минтақани жуда катта фалокатга олиб келади”, деди вазир.
Амалдорнинг таъкидлашича, Теҳрон Трампнинг таклифларини тинглашга тайёр. Бироқ, биринчи битим билан содир бўлган воқеаларни ҳисобга олган ҳолда, Эронни АҚШ билан бошқа битим бўйича музокараларга киришиш зарурлигига ишонтириш учун анча кўп нарса талаб этилади. Гап ядровий келишув ҳақида бормоқда.
2015 йилда Буюк Британия, Германия, Хитой, Россия, АҚШ, Франция ва Эрон ядровий келишувни – Эрон ядровий дастурига чекловлар эвазига санкцияларни бекор қилишни назарда тутувчи Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасини имзолади. АҚШ Трамп президентлиги даврида 2018 йилнинг май ойида ушбу келишувдан чиққан ва Теҳронга қарши санкцияларни тиклаган. Бунга жавобан Эрон келишув бўйича ўз мажбуриятларини босқичма-босқич қисқартириш, ядровий тадқиқотлар, центрифугалар ва уранни бойитиш даражасидаги чекловлардан воз кечишини эълон қилган.
Трампнинг фаластинликларни араб давлатларига кўчириш таклифи
АҚШ президенти Дональд Трамп Иордания, Миср ва бошқа араб давлатларини Ғазо секторидан қабул қилаётган фаластинлик қочқинлар сонини кўпайтиришга чақирди. У буни Иордания қироли Абдулла II билан телефон орқали мулоқотда муҳокама қилганини айтди. Президент бу вазиятда фаластинлик қочқинларга Ғазо ташқарисида уй-жой қуриш учун баъзи араб давлатлари билан ҳамкорликни афзал кўришини билдирди.
ҲАМАС бунинг ўрнига, фаластинликларнинг барча ҳуқуқларини, шу жумладан, пойтахти Қуддус бўлган мустақил давлат қуриш ҳуқуқини амалга оширишлари учун ишлашни талаб этди.
Трамп Исроилга бомбалар юборишни тиклади
У Байденнинг Исроилга 2000 фунтлик бомбаларни юбориш бўйича жорий этган тақиқини бекор қилди. Бу Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш пайтида тинч аҳоли қурбонлари сонини камайтиришга қаратилган босимни йўққа чиқаради. АҚШ президенти тақиқни бекор қилиш қарорини қуйидагича изоҳламоқда:
"Улар бомбаларни узоқ вақтдан бери кутишаётган эди. Чунки уларни сотиб олишган", деб жавоб берди сиёсатчи.