Суриянинг янги ҳукумати Россияга қандай талаб қўймоқда?
0
Суриянинг янги ҳукумати Россиядан “ишончни тиклаш учун” компенсация талаб қилди. Бу ҳақда Сурия ахборот агентлигига таяниб Дарё хабар берди.
Мазкур талаб Россия делегациясининг Башар Асад режими ағдарилганидан кейин Сурияга биринчи ташрифи чоғида илгари сурилган. Учрашувда Россия томони ҳозирда Сурияда содир бўлаётган ижобий ўзгаришларни қўллаб-қувватлашини айтган.
Мулоқот давомида компенсация, реконструкция ва қайта тиклаш каби аниқ чора-тадбирлар орқали Сурия халқи ишончини қозонишда Россиянинг роли таъкидланди, дейилади хабарда.
Шунингдек, Суриянинг янги раҳбарияти Россия билан муносабатларни тиклаш жараёнида “ўтмишдаги хатоларни инобатга олиш, Сурия халқининг хоҳиш-иродасини ҳурмат қилиш ва унинг манфаатларига хизмат қилиш” зарурлигини таъкидлаган.
Россия делегацияси 28 январь куни Сурияга ташриф буюрди. Делегация таркибига ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов ва президентнинг Сурия бўйича махсус вакили Александр Лаврентев кирган.
Учрашув давомида томонлар Суриядаги Россия ҳарбий базаларига нисбатан ҳозирча ҳеч нарса ўзгармаган, деган хулосага келди. Бу масала қўшимча музокараларни талаб қилади. Биз ҳамкорлигимизнинг ҳар бир йўналиши бўйича янада чуқур маслаҳатлашувларни давом эттиришга келишиб олдик, дея хабар берди Богданов Дамашққа ташрифидан сўнг.
Ўз навбатида, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Суриянинг тикланишида ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.
Россия томони Сурия Араб Республикаси бирлиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини доимий қўллаб-қувватлашини, шунингдек, Сурия халқига инқироздан кейинги тикланишда зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади, дейди Россия ТИВ.
Суриядаги вазият
Ноябрь ойи охирида қуролли исёнчилар Сурия шимолий қисмига юришни бошлади. Улар Идлиб вилоятини, мамлакатдаги аҳоли сони бўйича иккинчи ўринда турувчи Ҳалаб шаҳрини, Хама ва Хомс вилоятлари ҳудудларининг бир қисмини ўз назоратига олди. Шундан сўнг Дамашққа кирди. Президент Башар Асад оиласи билан мамлакатни тарк этди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Башар Асад исёнчилар билан келишувга эришиб, истеъфога чиқишга рози бўлгани, шундан кейин Сурияни тарк этгани ҳақида маълумот берди. Исёнчилар Асадни қўлга олишда ёрдам берадиган маълумот учун 10 миллион доллар ваъда қилган.
Сиёсатчи мамлакатни тарк этганидан кейин исёнчилар Асад қароргоҳига бостириб кирган, одамлар буюмларни талон-торож қилган. Қароргоҳдаги гаражда BMW, Audi, Ferrari, Lamborghini Diablo каби 50 га яқин ҳашаматли ва қимматбаҳо автомобиллар аниқланган.
Кечроқ Кремлдаги манбалар Суриядан қочган президент оиласи билан Москвага келгани, Путин уларга бошпана берганини маълум қилди. 10 декабрь куни Идлиб шаҳрида исёнчиларга раҳбарлик қилган Муҳаммад ал-Башир ўзини Суриянинг ўтиш даври ҳукумати раҳбари этиб тайинлади. У фуқароларга қарата қилган телевидение мурожаатида бу лавозимни камида 2025 йил 1 мартгача эгаллаб туришини маълум қилди.