Чемпионлар лигаси. «Манчестер Сити»ни ўтиш ўйинларида «Реал» ёки «Бавария» кутади
0
31 январ куни, Тошкент вақти билан соат 16:00 да ўтиш ўйинлари учун қуръа ташланади. Асосий принцип: жадвалдаги ҳар иккинчи ўрин аҳамиятга эга. Масалан, 9-ўриндаги жамоа 23- ёки 24-ўриндаги жамоа билан ўйнаши мумкин (10-ўриндаги эҳтимолий рақиблар ҳам шу жамоалар бўлади). Шартли «Аталанта» ёки Дортмунднинг «Боруссия» клуби ёки «Спортинг», ёки «Брюгге» билан ўйнаши аниқ. 11-клуб ёки 21-ўриндаги, ёки 22-ўриндаги жамоа билан ўйнайди (агар 21-ўрин вакили 11-клубга тушса, унда ўз ўзидан 22-ўрин вакили 12-ўриндаги жамоага рақиб бўлади) ва ҳоказо. УЕФА сайти хабар беришича, бу формат олти йил мобайнида ишлаб чиқилган.
Қуръа вақтида аввалига 23- ва 24-жамоалар кўрсатилган шарлар олинади. Биринчи чиққан шар сетканинг юқори қисмига, иккинчиси қуйи қисмига юборилади. УЕФА расмий графикасида бу сетканинг чап қисми (кумуш) ва ўнг қисми (кўк) бўлади. Кейин эса 21- ва 22-ўринлардаги жамоаларнинг ўрни аниқланади. Бу жараён 9- ва 10-клублар кўрсатилган шарларгача давом этади. Яъни ҳозирнинг ўзида 9-ўриндан 24-ўрингача бўлган жамоаларда фақат икки эҳтимолий рақиб борлигини биламиз. Масалан, қуръа натижаларига кўра «Манчестер Сити» ёки «Реал», ёки «Бавария» билан тўқнаш келади (бу грандлар «Селтик»нинг ҳам эҳтимолий рақиблари ҳисобланади).
Қуръа ташлашда ҳеч қандай чекловлар бўлмайди – ўтиш ўйинларида бир мамлакат вакиллари ўзаро учрашиши мумкин. Масалан, «ПСЖ» (15-ўрин) «Монако» ёки «Брест» (мос равишда 17- ва 18-ўринлардаги жамоалар) билан ўйнайди, «Милан» эса «Ювентус» (ёки «Фейеноорд») тушиши мумкин.
Агар жамоалар гуруҳ босқичида ўзаро ўйнаган бўлса, бу улар ўтиш ўйинларида яна тўқнашишига тўсқинлик қилмайди. Масалан, Дортмунднинг «Боруссия» клубига 50 фоизлик эҳтимол билан «Брюгге» рақиб бўлади, ҳолбуки улар сентябр ойида ҳам ЕЧЛ доирасида ўйнашганди.
9-ўриндан 16-ўрингача бўлган жамоалар нафақат сараланган жамоалар ҳисобланади, балки ўтиш ўйинларидаги жавоб учрашувларини ўз майдонларида ўтказиш имконига эга бўлишади, буни эса устунлик дейиш мумкин. Бу каби схема Чемпионлар лигасидан ташқари Европа Лигаси ва Конференциялар Лигаси учун ҳам кўзда тутилган.
Учала еврокубокда ҳам ўтиш ўйинларидан кейин яна бир қуръа бўлади. Ўшанда жамоалар топ-8 даги рақибларини билиб олишади. У ерда ҳам ҳар бир клубда иккитадан эҳтимолий рақиб бўлади. Ҳозирнинг ўзида «Атлетико» ёки «Байер»дан бири қуйидаги тўртликдан бирига рақиб бўлишини айтиш мумкин: «Бавария», «Манчестер Сити», «Реал», «Селтик».
Умумий жадвалда биринчи ва иккинчи ўринларни қўлга киритган «Ливерпул» ва «Барселона»нинг 1/8 финал учун эҳтимолий рақиблари қуйидагилар: 15-, 16-, 17- ёки 18-жамоа: «ПСЖ», «Бенфика», «Монако» ёки «Брест». Ўтиш ўйинларидан кейин улардан иккиси турнирни тарк этади ва сўнгги қуръа пайтида (21 феврал) фақат икки вариант қолган бўлади. Яъни, «Монако» ва «ПСЖ» ўтиш ўйинларидан омон чиқишса, кейинги босқичда гуруҳ босқичининг энг яхши икки жамоасига рақиб бўлади.
2-ўтиш ўйинларидаги икки ғолиб («Спортинг» / «Брюгге» — «Аталанта» / «Боруссия» Д) нимчорак финалда «Лилл» ва «Астон Вилла»га рақиб бўлади.
3-ўтиш ўйинларидаги икки ғолиб («Селтик» / «Манчестер Сити» — «Реал» / «Бавария») нимчорак финалда «Атлетико» ва «Байер» жуфтлигига рақиб бўлади.
4-ўтиш ўйинларининг икки ғолибдан («Фейеноорд» / «Ювентус» — «Милан» / ПСВ) бири нимчорак финалда «Арсенал», иккинчиси «Интер» билан ўйнайди.
Дастлабки ўтиш ўйинлари 11 ва 12 феврал, жавоб учрашувлари — 18 ва 19 феврал кунлари ўтказилади.
1/8 финал учрашувлари 4, 5, 11 ва 12 март кунларига белгиланган. Чоракфинал учун 8, 9, 15 ва 16 апрел, яримфинал учун — 29 ва 30 апрел, шунингдек 6 ва 7 май ажратилган. Финалга 31 май куни Мюнхен мезбонлик қилади.
Қуръа жараёнига алоқадор бўлмаган яна бир нюанс бор. Ўтиш ўйинлари учун янги футболчиларни қайдномага киритиш мумкин, буни 6 февралга қадар амалга ошириш керак бўлади. Агар футболчи Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида бошқа жамоада ўйнаб улгурган бўлса, бу унга плей-оффда бошқа жамоа учун тўп суришига халал бермайди, хусусан, Абдуқодир Ҳусанов «Сити» сафида ЕЧЛда иштирок этиши мумкин.