Трамп маъмурияти АҚШ давлат хизматчиларига ишдан бўшашни таклиф қилди
0
Доналд Трамп президентлик лавозимини эгаллаган заҳоти “коронавирус даври” тугаганини эълон қилиб, пандемия сабаб уйда ишлашга ўтган ходимларни офисларга қайтариш ҳақида қарор чиқарганди. Энди эса уларга ихтиёрий равишда ишдан бўшаш таклиф этилмоқда.
Миллионлаб америкаликлар 6 февралга қадар ўз қарорларини қабул қилишлари ҳақида расмий хат олди. Агар улар ишдан бўшашга рози бўлишса, саккиз ойлик маош ва барча имтиёзлар берилади.
Трамп маъмуриятининг ҳисоб-китобларига кўра, 2 миллиондан ортиқ ходимнинг тахминан 10 фоизи ёки 200 минг нафари ушбу таклифни қабул қилади. Президент тарафдорларининг фикрига кўра, бу битим ҳукуматга 100 миллиард долларгача маблағ тежаш имконини беради.
Давлат хизматчилари билан ишловчи бошқарма, қолишга қарор қилган ходимларнинг лавозимлари келажакда қисқартирилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
— Биз сизга ўз лавозимингиз ёки идорангизда қолиш бўйича тўлиқ кафолат бера олмаймиз, аммо агар лавозимингиз тугатилса, сизга ҳурмат ва эътибор билан муносабатда бўлишни таъминлаймиз, — дейилади расмий билдиришномада.