“Манчестер Сити” сардори Абдуқодир Ҳусанов ҳақида илиқ фикр билдирди
Франция ҳамда Англия клублари ўртасидаги катта савдо ҳали ҳамон кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда ва кўпчилик бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришда давом этмоқда.
Англия Премьер-лигасига кўчиб ўтган 20 ёшли футболчининг беш кун ичида мамлакатнинг қудратли жамоаларидан бири “Челси” қарши ўтказилган учрашувда дебют қилгани кўпчиликни ҳайрон қолдиргани рост.
Қолаверса, Абдуқодир Ҳусанов ўзи учун тарихий аҳамият касб этган баҳснинг дастлабки беш дақиқасида голга сабабчи бўлгани, сариқ карточка олгани ва тўп узатишларда хатога йўл қўйгани бу трансфер борасидаги муҳокама ва мунозараларни янада қиздирди.
Эътиборли томони шундаки, кўпчилик профессионаллар, хусусан, Хосеп Гвардиола бошчилигидаги Эрлинг Холанд, Мануэль Аканжи каби “Манчестер Сити” вакиллари ҳам ўзбек футболчисини дарров қўллаб-қувватлади.
Энди жамоа сардори Кевин де Брюйне ёш жамоадоши Абдуқодир Ҳусановнинг дебютига баҳо берди.
- Абдуқодир Ҳусанов бизда ҳимоячилар йўқлигида “Челси”дек кучли рақибга қарши майдонга тушди. Дастлабки беш дақиқада унга осон бўлгани йўқ. Лекин шундан кейин у жуда яхши ва ишончли ўйин кўрсатди.
Абдуқодирнинг ўзи 20 ёшида “Манчестер Сити”да дебют қилгани ва майдонда яхши ҳаракатланганидан фахрланиши керак!, - деди жамоа сардори Кевин де Брюйне.
“Манчестер Сити”ни Англия футболининг қудратли жамоаларидан бирига айлантирган Хосеп Гвардиола шогирдлари Абдуқодир Ҳусанов тушиб қолган вазиятга тўғри муносабатда бўлиб, уни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилаётганини юқори баҳолади.
- Абдуқодирнинг хатосидан сўнг жамоадошларининг унга бўлган қўллаб-қувватловчи реакцияси жуда ёқимли бўлди. Бу вазият эса шахсан менга ёқди. Футболчилар керакли вақтда, ёш истеъдодли ҳимоячига далда бўла олишди.
Бу мавсумда нечта марказий ҳимоячи Абдуқодир қилган хатога йўл қўйганини биласизми?! Мен Ҳусановни айбламайман, аксинча, ўзимни айблашим керак – қандай қилиб ҳали ҳам ҳимояда қўпол хатолар қиляпмиз.
Ҳозир 20 ёшли ҳимоячига ёрдам беришимиз керак.
Агар мен Ҳусановнинг ўрнида бўлсам – янги мамлакат, янги Премьер лига, янги жамоа, янги тил ва илгари ҳеч қачон эшитмаган нарсалар. Бундан ташқари, Коул Палмер, Николас Джексон каби ўйинчиларга қарши ўйнаш – жуда қийин вазифа. Ростини айтсам, мен ўзбекистонлик футболчига ёрдам беришни истайман, - деди Пеп Гвардиола.
Таъкидлаш жоизки, Кевин де Брюйне “Манчестер Сити”да бошланган ўзгаришларни ижобий қабул қилди. Бельгиялик плеймейкер мавсум охирида шартномаси тугаганидан кейин клубни тарк этиши ҳақида анча олдин маълум қилганди. Бироқ Хосеп Гвардиола чемпион жамоа лойиҳасини қайта ташкил этаётганини инобатга олиб, тажрибали футболчи Манчестерда қолиш истагини билдирди.
Айни пайтда “шаҳарликлар” жамоа сардори билан ўзаро ҳамкорликни узайтириш мақсадида у билан музокараларга киришгани айтилмоқда.