Сурия ИИВнинг собиқ раҳбари янги ҳукуматга ўзини топширди
0
Суриянинг собиқ ички ишлар вазири Муҳаммад аш-Шаар мамлакатнинг янги ҳукуматига ўзини топширди. ИИВнинг собиқ раҳбари куч тузилмалари билан ўз ихтиёрига кўра боғланган, деб хабар беради Al-Arabiya.
Муҳаммад аш-Шаар 1950 йилда Латакия вилоятида туғилган. 2011 йилдан 2018 йилга қадар Сурия ички ишлар вазири лавозимида фаолият юритган. Унга қадар ҳарбий полиция бошлиғи бўлган. Маълумотларга кўра, собиқ вазир 2008 йилда Седная қамоқхонасидаги исённи бостиришга алоқадор бўлиб, ҳодиса оқибатида 20 дан ортиқ маҳбус ўлдирилган эди.
Муҳаммад аш-Шаар 2011 йил ўрталаридан буён Ғарб санкциялари остида. Сурия ИИВнинг собиқ раҳбари Al-Arabiya телеканалига вазир лавозимида ўтирганида қонунни бузмаганини маълум қилган.
Аввалроқ Сурияда Башар Асаднинг амакиваччаси қўлга олинганди. У Асад даврида Даръо вилояти сиёсий хавфсизлик бошқармаси раҳбари лавозимида фаолият юритган. Таъкидланишича, қўлга олинган шахс Сурия халқига қарши амалга оширилган жиноятларга алоқадор инсонлардан бири ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, 8 декабр куни Сурияда ҳокимият тепасига «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи келди. 10 декабр куни Муҳаммад ал-Башир ўтиш даври ҳукумати раҳбари этиб тайинланганини эълон қилди. Башар Асад эса мамлакатдан Россияга қочиб кетди. РФ президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, Асад оиласига бошпана бериш қарорини шахсан Путиннинг ўзи қабул қилган.