Экспертлар аш-Шаръа ҳақида: “У Туркиянинг қўғирчоғи эмаслигига арабларни ишонтириши керак”
0
- Саудия Арабистони АҚШни Сурияга қўйилган санкцияларни ечишга кўндирадими?
Шавкат Икромов:
— Ўтган йили 8 декабр куни Сурияда Аҳмад аш-Шаръа бошчилигидаги ҳукумат ўрнатилган бўлса, дастлабки ҳафталарда етакчи давлатларнинг вакиллари бу ҳукумат билан учрашишга ва алоқаларни кейинги босқичи қандай бўлишини белгилаб олишга ҳаракат қилди. Шунинг билан бирга, Суриянинг ўзида ҳам янги тартиботга мослашиш ва Асад режимидан фарқли, қандай ташқи ва ички сиёсатни шакллантириш жараёни кечди. Шу нуқтада асосий эътибор эндиликда Эрон ёки Россияга эмас, балки кўрфаз араб давлатларига, Туркияга ва умуман Ғарбга, Қўшма Штатларга ва ҳаттоки Исроилга қаратилишининг намойиши сифатида, Туркия ташқи ишлар вазири, Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири, Қатар ҳукумати раҳбари янги ҳукумат қабул қилган илк хорижий делегациялар бўлди.
Умуман олганда, Аҳмад аш-Шаръа учун Саудия Арабистони бегона эмас. У Саудияда туғилган, болалик йиллари Саудияда ўтган. Доимий равишда Саудия билан алоқалари бўлган. Унинг дастлабки интервюси Ғарб матбуоти ёки Al Jazeera'га эмас, балки Саудия Арабистонининг дунёқарашини ифодалайдиган Al Arabiya телеканалига берилгани диққатга сазовор. Бу интервюда у асосий эътиборни Саудия Арабистонига қаратган, минтақада Туркия билан бир қаторда ва тенг мақомда бу мамлакатни ўзининг асосий ҳамкори сифатида кўришга интилаётганини билдирган эди.
Унинг Саудияга ташрифи доирасида ҳар икки томон ўртасида қандайдир бир бурилиш нуқтасини белгилаб берадиган даражадаги йирик шартнома ёки катта миқдордаги молиявий келишувлар имзолангани йўқ. Аммо экспертлар айтадики, Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирининг Сурияга бўлган ташрифида бир ваъда берилган эди: халқаро ҳамжамият томонидан Сурияга қўлланган санкциялар эндиликда мантиқсиз ва адолатсиз деб ҳисобланиши керак. Бу сакнцияларни олиб ташлашда Саудия Арабистони воситачи сифатида қатнашади ва халқаро ҳамжамиятни бунга кўндиришга ҳаракат қилади.
Камолиддин Раббимов:
— Назаримда, Аҳмад аш-Шаръа Саудияга боришдан олдин Туркияни хабардор қилган, яъни Туркия билан маълум бир келишув бўлган. Лекин Туркияга ҳеч қандай ўртада танаффус қилмасдан бораман деб айтган бўлиши керак, у Саудиядан тўғри Туркияга борди, ўртада ҳеч қандай тўхталиш қилиб ўтиргани йўқ.
Биринчи ташриф Ар-Риёдга бўлганини тўртта йўналиш билан изоҳлаш мумкин.
Биринчиси, Саудия Арабистони араб ва мусулмон дунёсининг барибир лидери. У ерда Макка ва Мадина бор, у ерда жуда ҳам катта тарих шаклланган диний капитал мавжуд.
Демак, Саудияга бориб биринчиси, араб мусулмон дунёсининг лидери ҳисобланмиш Саудия билан муносабатларни нормаллаштириш керак. Чунки Саудия Арабистони элитаси қаттиқ аразласа, ўзининг ветоларини қўйиб бошлаши мумкин.
Иккинчидан, минтақадаги Америкага энг яқин араб-мусулмон дунёсидаги давлатлардан бири – Саудия Арабистони. Сурия масаласида Саудия АҚШ билан воситачи ролини ўйнай олади. Янги Сурия ҳокимияти Саудияга: “Биз сен билан дўст бўламиз, лекин Вашингтонга айт, мана бу санкцияларни олиб ташласин ва бизни халқаро ҳамжамиятга қўшсин” деган муждани йўллаши аниқ.
Учинчиси, Саудия Арабистонида араб ва мусулмон дунёсининг диний қарашларини шакллантирувчи уламолар қатлами мавжуд. Демак, Аҳмад аш-Шаръа асли жиҳодчи бўлган “Таҳрир Ҳайъат аш-Шом”дан чиққан радикал дея танқид қилинган сиёсий лидерлардан бири бўлар экан, энди унинг диний қарашларини легитимлаштириш керак. “Бу радикал эмас, бу нормал бола, бу билан гаплашса бўлади, исломни радикал талқин қилмайди, мўътадил мусулмон” деган статус олиб беришни айнан Саудиянинг уламолари яхшироқ бажара олади.
Тўртинчи йўналиш, Саудия Арабистони – минтақадаги энг бой давлатлардан бири. Аш-Шаръага эса фуқаролик урушида яксон бўлган мамлакатни тиклаш учун юз миллиардлаб доллар керак бўлади. Бундай катта пуллар аввало Саудияда бор, Қатарда, БААда бор. Сурия уларнинг учаласи билан ҳам яхши муносабатда бўлишга мажбур.
Аввало араб давлатига ташриф буюриш Аш-Шаръага “Туркиянинг қўғирчоғи эмас” деган имижни яратиш учун ҳам керак. Араб давлатлари Сурияга аввал Эроннинг қўғирчоғи деб қараган, энди эса Туркиянинг қўғирчоғи деб қарай бошласа, Дамашқ билан муносабатларни совуқ сақлаб қолиши мумкин. Бу эса Суриянинг узоқ муддатли манфаатларига тўғри келмайди.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.