Тергов судьялари иш бошлади. Энди прокурорларнинг санкция олиши қандай бўлади?
0
Ўзбекистонда 2025 йил 29 январдан кучга кирган қонун билан жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида фуқароларнинг эркинликларини чеклаш билан боғлиқ процессуал қарорларга санкция бериш ваколати – алоҳида ташкил қилинган тергов судьяларига ўтказилди. Айни вақтда Ўзбекистон бўйлаб 200 дан ортиқ тергов судьялари иш бошлаган. Улар, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларини ҳам кўриб чиқмоқда. Kun.uz мухбири Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди тергов судьяси Беҳзод Мўминов билан ушбу мавзу юзасидан суҳбатлашди.
Фото: Ўнгда тергов судьяси Беҳзод Мўминов
– Тергов судьяси лавозимини жорий қилишга қандай сабаблар бор эди?
– Бу яқинда пайдо бўлган зарурат ёки таклиф эмас. Олимлар ва илмий жамоатчилик бу таклифни 2000 йиллардан бошлаб илгари сурган. Таҳлилларга кўра, жиноят процессида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар жиноят процессининг судга қадар иш юритиш босқичида кўпроқ аниқланади. Шу вақтга қадар суд назорати умумюрисдикция судлари томонидан амалга оширилган. Улар ҳам ҳукм чиқарган, ҳам маъмурий ишларни кўрган, ҳам судга қадар жараёнлар устидан суд назоратини амалга оширган. Суд назоратидан кейин иш юзасидан ҳам ҳукм чиқарса, судьянинг холислигига саволлар туғилган.
Бу борада қўшни давлатлар тажрибаси ҳам ўрганилган, мана Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам тергов судьяси лавозими жорий қилинган. Ва улар ижобий самара берган. Бундан ташқари, бугун бутун дунёда судьяларни ихтисослаштириш «тренд»га чиққан. Фақат муайян, тор доирадаги ишларни кўрадиган судьялар камроқ хато қилади, ишлари сифатли бўлади. Ўз йўналишидаги қонун нормаларини қўллаш бўйича малакаси юқори бўлади. Тергов судьялари ҳам айнан процессуал мажбурлов чораларини қўллаш бўйича ҳам ихтисослашган судьялар, улар ишни мазмунан кўрмайди. Бу конституциявий ҳуқуқларни қўллашдаги кафил бўлади.
– Ўзбекистон судларида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар энг кўп кўриладиган процесслардан бири ҳисобланади. Энди асосий вазифасига қўшимча бундай ишларни ҳам кўриш тергов судьясининг иш самарадорлигига қанчалик таъсир қилади?
– Тўғри, бундай ишлар кўп, бошқа давлатларда ҳам тергов судьялари МЖтК доирасидаги ишларни кўриб чиқмайди. Қайсидир маънода суд назорати самарадорлигига таъсир қилади, умуман таъсир қилмайди, деб айтолмаймиз. Бошқа жиҳатдан ҳар бир фуқаро терговчининг қарори устидан судга шикоят қилиши мумкин. Бу айни жиноят процессидаги суд назорати ҳамдир. Қонунчиликка терговчи ёки прокурорнинг қарорлари устидан адвокат, манфаатдор шахсларнинг шикоятларини тергов судьялари кўриб чиқиши ваколатини киритиш керак. Суд муҳокамасида терговчи ёки прокурор ўз қарори қонунийлигини исботлаб бериши керак. Агар шундай шикоят қилиш тартиби жорий қилинса, тергов судьяларига ҳам иш юкламаси ошишига олиб келади. Кейинчалик бунга ечим берилса керак, хусусан маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларини кўрадиган судьялар ажралиб чиқиши ҳам мумкин. Чунки ҳозирги кунда маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларининг тури ҳам кўпайган. Бу ҳам судьядан қўшимча билимлар, янги соҳалардан ҳам хабардорликни талаб қилади.
– Жиноят процессуал кодексининг 382-моддасида назарда тутилган прокурор ваколатлари билан янги қўшилган 31-1-моддадаги тергов судьяларининг ваколатлари бир-бирини такрорлаб қолмайдими, уларнинг қандай фарқи бор?
– Биринчи навбатда унинг мақсадига қарашимиз керак. Прокурор назорати ва суд назорати ўртасида нима фарқ бор, деган савол туғилади. Прокурор — жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашдаги давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиради ёки содда қилиб айтганда, жиноий таъқибни амалга ошириш учун масъул. У кўпроқ шахснинг манфаатлари билан бирга давлат ва жамият манфаатларини кўзлайди.
Бу ерда тергов судьяси, ЖПКнинг 31-1-моддасида ҳам ёзилган, шахснинг ҳуқуқлари нуқтайи назаридан масалани кўриб чиқади. Давлат манфаатларини ҳимоя қилиш учун шахс ҳуқуқини чеклашга асос борми-йўқлигини кўриб чиқади. Тергов судьяси назорати фақат унга прокурордан илтимоснома келиб тушганда амалга оширилади. Прокурорнинг назорати эса тезкор характерга эга: у бориб тергов ҳибсхоналарини текшириши мумкин ёки терговчи, тезкор ходим қўлидаги иш материалларини, аризаларни текшириши мумкин. Назорат характерига ва мақсадига кўра фарқланади.
Прокурор айблов хулосасини тасдиқлайди ва судда айбловни қўллаб-қувватлайди. Айблов учун масъул бўлган прокурор ноқонуний айблов қўйилган бўлса, шикоятни кўриб чиқади. Баъзи ҳолларда бу иккита функция бир-бирига тўсқинлик қилиши мумкин. Суд айблов учун масъул эмас, у жиноятчилик кўрсаткичлари учун ҳам масъул эмас. У фақат қонунга бўйсунган ҳолда, қонунда шахснинг ҳуқуқини чеклаш учун асос борми-йўқлигини кўриб чиқади.
– Уйни тинтув қилишга ёки эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш, телефон суҳбатларини эшитиш каби ҳолларда терговчилар ёки тезкор ходимлар биринчи бўлиб кимга мурожаат қилади? Санкцияни прокурор берадими ёки тергов судьяси?
– Бундай вазиятда, қамоқ эҳтиёт чорасини қўллаш, тинтув ўтказиши ёки бошқа процессуал мажбурлов чоралари лозим бўлса, терговчи биринчи навбатда ишни назорат қилаётган прокурорга илтимоснома билан чиқади. Прокурор илтимосномани ва ҳужжатларни ўрганиб чиқади. Илтимосномага рози бўлса, уни тасдиқлаб судга беради. Суд илтимосномани қаноатлантиради ёки рад қилади. Бу ерда терговчи устидан иккита босқичли назорат механизми жорий қилинган: прокурор текширади ва суд текширади. Юқорида айтганимдек, суд ва прокурор бошқачароқ ракурсда текширади.
Қамоққа олиш эҳтиёт чораси ёки бошқа мажбурлов чорасини қўллашга доир ишларни тергов судьялари кўришида айбланувчи ва унинг адвокати ҳам ёпиқ процессда қатнашади. Яъни муҳокама бўлади. Лекин тинтув, почта, телеграм жўнатмаларни хатлаш, телефон сўзлашувлари эшитишга доир санкция олишда тергов судьяси ишни ёпиқ кўради. Чунки бу тергов сири. Масалан, очиқ суд мажлисида кўрилса, «Палончининг уйида тинтув ўтказиш учун, мана, суд санкция бераркан», деб ҳамма хабар топади. Унда уйни ёки бошқа жойни тинтув қилишдан маъно қолмайди. Шунинг учун ҳам ёпиқ суд мажлисида айбланувчи ёки гумонланувчининг иштирокисиз, фақат прокурор иштирокида кўриб чиқилади. Бу ерда тергов судьяси фуқаронинг манфаатлари томонидан ишга баҳо беради, унинг ҳуқуқларини чеклашга доир масала заруратига қараб ажрим чиқаради.
Яна бир масала бор, агар кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда терговчи суд санкциясиз тинтув ўтказса, демак 24 соат ичида тинтув ўтказиш ҳақида материалларни судга беради. Суд энди уни кўриб чиқиб қонунийлигига баҳо беради: ўша ҳолатда тинтув ўтказиш учун асос бўлганми, йўқми, тинтув қонуний ўтказилганми, йўқми. Агар ноқонуний ўтказилган бўлса, айтайлик, тинтув натижасида ишга алоқадор бирорта далил олинади. Суд шу масалага баҳо бериб, тинтув ўтказиш учун асослар бўлмаган бўлса, тинтув ноқонуний, жараёнда олинган далиллар ҳам номақбул далил деб топади. Бундан ташқари, уйда тинтув ўтказилган шахсга суд қарори устидан апелляция шикояти бериш ҳуқуқи бор. Апелляция инстанцияси ўрганиб чиқади: ҳақиқатда асос бўлганми, шахсий турар жой дахлсизлигини бузиш учун ёки асос бўлмаганми.
Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.