Москвадаги «Крокус Сити Холл» теракти бўйича тергов якунланди
0
Москвадаги «Крокус Сити Холл» концерт залида содир этилган теракт бўйича тергов якунига етди. Бу ҳақда айбланувчилардан бирининг адвокати Олег Власов маълум қилди, деб хабар бермоқда ТАСС.
Адвокатнинг сўзларига кўра, тергов ҳаракатлари якунланган бўлиб, жабрланувчилар биринчи бўлиб иш материаллари билан танишиши лозим. Улар сони мингга яқин экани сабабли, иш тез орада судга оширилиши кутилмаяпти. Ҳимоячиларга кўра, суд жараёни март ойи охирида бошланиши мумкин.
Теракт тафсилотлари
Ҳодиса 2024 йил 22 март куни Москва вилоятидаги «Крокус Сити Холл» концерт залида содир бўлган. Тожикистон фуқаролари бўлган тўрт нафар қуролланган шахс томошабинларга ўқ узиб, бинони ёққан ва сўнг машинада қочиб кетган.
Теракт оқибатида 145 киши ҳалок бўлди, бир неча юз киши жароҳатланди. Бу ҳужум замонавий Россия тарихидаги энг йирик терактлардан бири сифатида қайд этилди.
Ҳужум учун жавобгарликни ИШИДнинг Афғонистондаги «Хуросон Вилояти» гуруҳи ўз зиммасига олган.
Ҳибсга олинганлар ва суриштирув натижалари
Ҳуқуқ-тартибот идоралари терактни уюштириш ва унга ёрдам беришда гумон қилинган 20 га яқин шахсни ҳибсга олган, уларнинг кўпчилиги Тожикистон фуқароларидир.
Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикинга кўра, иш бўйича 27 нафар айбланувчи мавжуд. Теракт оқибатида ҳалок бўлганлар сони 146 нафарга, жабрланганлар эса 551 нафарга етган.
Миграцияга нисбатан кучайтирилган чоралар
Ҳодисадан сўнг Россия ҳудудида мигрантлар учун иш ва яшаш шароитларига нисбатан назорат кучайтирилди.