Париж прокуратураси Х ижтимоий тармоғига қарши тергов бошлади
0
Париж прокуратураси эҳтимолий «алгоритмик хатоликлар» сабаб Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғига нисбатан тергов бошлади, деб хабар беради France Info телеканалига таянган ҳолда Kun.uz нашри.
Телеканал маълумотларига кўра, Х тармоғига нисбатан терговлар «Республика учун бирга» марказчи коалицияси депутати Эрик Боторелнинг аризасидан кейин бошланган.
Боторел 12 январда Париж киберпрокуратурасига америкалик миллиардер Илон Маскка тегишли ижтимоий тармоқ алготирмлари тўғри ишламаслигига оид шикоятни киритган. Ушбу алгоритмлар, «маълумотларни қайта ишлаш тизимининг автоматлаштирилган ишида хатолик келтириб чиқарган бўлиши мумкин», дейилади тергов билан шуғулланаётган Париж прокуратураси баёнотида.
«Судьялар ва кибержиноятчиликка қарши курашиш бўлинмасининг мутахассислари уни таҳлил қилиб, дастлабки техник текширувларни ўтказмоқда», — дея таъкидланади хабарда.
Рақамли хизматлар тўғрисидаги акт доирасида 2023 йил декабрдан бери Х платформасига нисбатан бир қанча терговлар Европа Иттифоқи даражасида давом этмоқда. ОАВ маълумотларига кўра, январ ойида Еврокомиссия Х га нисбатан дастлабки терговини якунлаган ва тез орада кўп миллионлик жаримасини белгилайди.
Шу билан бирга, Германия суди Илон Маскнинг платформаси сайловлар натижасига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ахборотни кузатиш имконини берадиган маълумотларни тақдим этиши кераклиги бўйича қарор чиқарган.