“Венеция” бош мураббийи: Шомуродов ёқмайди, десам аҳмоқ бўламан!
Кейинги пайтда пойтахт клубининг ишлари бироз олдинга силжиган. Клаудио Раньери қўл остида “бўрилар” охирги еттита учрашувда тўртта ғалаба ва учта дуранг билан 15 очко жамғаришга эришди. Урилган голлар сони 34 тага етиб, бу кўрсаткич бўйича “Рома” лигада саккизинчи ўринга кўтарилди. Ўтказилган голлар 29 та ва бу кўрсаткич бўйича римликлар ўнинчи поғонада қайд этилган.
Умумий ҳисобда “Рома” ва “Венеция” А Серияда 27 маротаба тўқнаш келган. Шулардан 14 тасида пойтахт клуби ғолиб чиққан, етти бор кучлар тенг келган ва олти марта “Венеция” футболчилари кучли рақибни таслим қила олган.
Клаудио Раньерининг ўзи мураббий сифатида “Венеция”га қарши олтита учрашувда иштирок этган. Натижа ёмон эмас: учта ғалаба, икки дуранг ва бир мағлубият. Лекин “Венеция” бош мураббийи Эусебио Ди Франческо мураббийлар дуэлида икки бор ҳамкасбини енгишни уддалаган. Раньери эса, Эусебиони бир бор таслим қилган.
Шунга қарамай, Эусебио Ди Франческо “Рома”га қарши ўтказилган 13 та учрашувнинг бирортасида ғалабага эриша олмаган. Атиги учта дуранг ва 10 та мағлубият.
“Венеция” ва “Рома”нинг ўзаро ўйинлари тўпурари Элдор Шомуродов ҳисобланади. Ўзбек футболчиси 2021-2022 йилги мавсумда венецияликлар дарвозасини ҳар икки учрашувда ишғол қилгани қайд этилган. Жорий чемпионатнинг биринчи даврасида Брайан Кристанте ва Николо Пизилли урган голлар римликларнинг ғалабасини таъминлади.
Навбатдаги баҳс олдидан “Венеция” бош мураббийи Эусебио Ди Франческо қишки трансферлар вақтида Элдор Шомуродовни олмоқчи бўлгани ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
- “Венеция” спорт директори Филиппо Антонелли менга трансферлар бозори, ундаги вазият, рўй бераётган ўзгаришлар, амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот бериб туради. Ўзим музокара олиб бормайман. Ҳамён менда эмас.
Спорт директори бизга мос ўйинчиларни олишга ҳаракат қилади. Лекин январдаги трансфер бозори анча мураккаб. Янги ўйинчи олиш ҳеч қачон бўлмаган.
Биз Элдор Шомуродов келишига умид қилгандик. Спорт директори айрим трансфер нишонлари ҳақида менга айтганди. Шомуродов номзоди менга ёқмайди, десам аҳмоқ бўламан. Лекин айрим сабабларга кўра, бу йўналишдаги ишлар ўзгариб кетди. Мен мухлисларимизга бирлашадиган давр келганини айтмоқчиман. Биз таркибимизга тажрибали ўйинчиларни қўшиб олмоқчи эдик, лекин энди курашга ёш истеъдод эгаларини ташлашимизга тўғри келади, - деди Эусебио Ди Франческо.
Эслатиб ўтамиз, “Венеция” ва “Рома” ўртасидаги учрашув 9 февраль куни Тошкент вақти билан соат 16:30 да старт олади.