Руминия президенти нима учун истеъфога чиқишга қарор қилди?
0
«Бир неча кундан кейин Руминия парламенти менинг четлатилишим учун овоз беради ва Руминияда инқироз бошланади… Ушбу саъй-ҳаракатларнинг барчаси мамлакат ичида ҳам, афсуски, унинг ташқарисида ҳам оқибатларни юзага келтиради. Руминия ва мамлакат фуқароларини инқироздан, бу кераксиз ва воқеаларнинг салбий тус олишидан ҳимоя қилиш мақсадида мен Руминия президентлиги лавозимидан истеъфога кетаман», — дейди Йоханнис.
Йоханниснинг қўшимча қилишича, унинг парламент томонидан четлатилиши Руминияни «бутун дунё учун кулгига қолдиради».
Клаус Йоханнис 2014 йилдан бери республика раҳбари сифатида фаолият юритиб келаётган эди.
24 ноябр куни Руминияда президентлик сайловларининг биринчи тури ўтказилди. Биринчи ўринни мустақил номзод Келин Жоржеску эгаллади (22,95 фоиз), иккинчи ўрин эса ўнг марказчи партия «Руминияни қутқариш иттифоқи» раҳбари Елеана Ласконига насиб этди (19,18 фоиз). Сайловларнинг иккинчи тури 8 декабр санасига режалаштирилган эди.
Йоханнис 28 ноябр куни мамлакат Мудофаа олий кенгаши (SRI) йиғилишидаги махфий маълумотларни ошкор этишга розилик берган. SRI ҳисоботига кўра, Жоржескунинг TikTokʼдаги тарғиботи учун Богдан Пешир исмли руминиялик 381 минг доллар тўлаган, унинг сайловолди кампаниясига жами 1 миллион евро сарфланган. Президентликка номзоднинг ўзи бир цент ҳам сарфламаганини билдирган. SRI, шунингдек, Жоржеску номзодининг илгари сурилиши ортида Россия махсус хизматлари турган бўлиши мумкинлигини истисно этмаган.
6 декабр куни Руминия Конституциявий суди сайловларнинг биринчи тури натижаларини бекор қилди. Янги овоз бериш жараёнлари 4 май санасига белгиланди.
Йоханниснинг мандати 21 декабрда тугаган, аммо у янги президент сайлангунга қадар вазифасини бажариб келмоқда. Бунинг фонида «руминияликларни бирлаштириш учун иттифоқ», «Руминияни қутқаринг S.O.S» ва «Ёшлар партияси» унинг истеъфоси бўйича овоз тўплашга киришди. Ушбу масала парламентнинг 11 февралдаги йиғилишида кўриб чиқилиши керак.