Эрондан хавф сабабли Трампни ҳимоялашда «хўрак самолёт»дан фойдаланилган
0
Доналд Трампнинг хавфсизлик хизмати 2024 йилги сайловолди кампанияси чоғида ҳуқуқ-тартибот органлари орқали Эрон АҚШга «ер — ҳаво» типидаги ракеталардан фойдаланиш имконига эга махфий жосусларини киритганидан хабар топгач, фавқулодда эҳтиёт чораларини қабул қилган. Бу ҳақда 9 феврал куни Axios нашри журналист Алекс Айзенштадтнинг 18 март куни нашрдан чиқиши кутилаётган «Revenge: The Inside Story of Trumpʼs Return to Power» номли китобига таяниб хабар тарқатган.
Айзенштадт Трампнинг ёрдамчиларига асосланиб, сиёсатчига 2024 йил 15 сентябрда Флоридада уюштирилган иккинчи суиқасддан кейин хавфсизлик хизмати хўрак-самолётдан, яъни ичида Трамп бўлмаган самолётдан фойдалана бошлаган. Унинг жамоаси эронликлар унинг таниш осон бўлган, Trump Force One номи билан танилган хусусий самолётини парвоз чоғида ёки қўнаётганида уриб туширишидан хавфсираган.
Якунда ёрдамчиларнинг аксар қисми навбатдаги сайловолди тадбирига Trump Force One билан учган, Трампнинг ўзи эса ўз дўсти Стив Уиткоффга (ҳозирда Трампнинг Яқин Шарқдаги вакили) тегишли бўлган самолётда парвоз қилган. Ёрдамчиларнинг кўпчилиги махфий режа ҳақида парвоз арафасидагина, Трампнинг ойна олдидаги жойи бўшлигини кўрганидан кейин хабардор бўлган. Айзенштадтнинг сўзларига кўра, ходимларнинг айримлари агар самолёт уриб тушириладиган бўлса, «тўп еми»га айланишдан хавотирланиб, ғазаб отига минишган. Шу билан бирга, сайловолди штаби раҳбарлари ходимларни улар хўрак сифатида фойдаланилмасликларига ишонтиришга уринган. Ёрдамчилар эса агар эронликларнинг махфий жосусларида «ер — ҳаво» типидаги ракеталар бор бўлса, улар нима учун самолётга чиқарилгани ҳақида савол беришган.
Алекс Айзенштадт қайд этишича, АҚШ Махфий хизмати ўша куни иккита кортеж ташкил этган: улардан бирида Трамп, бошқасида — унинг ходимлари кетишган. Бошқа сафар эса, журналистнинг маълумотига кўра, Махфий хизмат агентлари электр магнит замбарак орқали Трампнинг кортежини кузатган учувчисиз учар қурилмани ишдан чиқарган.
The New York Times ва The Washington Post газеталари 2024 йил октябрда Трампнинг штаби Эрон таҳдиди туфайли сиёсатчини ҳимоялаш учун ҳарбий воситалар сўрагани ҳақида хабар берган. Улар ҳарбий авиация, ўқ ўтказмайдиган ойналар сўраган, шунингдек, Трамп қароргоҳи ҳамда унинг митинглари ўтказиладиган жойлар устида парвозаларни чеклашни кенгайтиришни талаб қилишган. Трампнинг сайлов пойгасидаги рақиби Жо Байден «амалдаги президент» сифатида уни ҳимоялаш учун қўриқчилар билан таъминлашга буйруқ берган.
Бу воқеалардан аввалроқ Эрон Доналд Трамп биринчи президентлиги даврида, 2020 йил январида Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони Қосим Сулаймонийни ўлдиришга буйруқ бергани учун ундан қасос олиш билан таҳдид қилганди. АҚШ адлия вазирлиги 8 ноябр куни корпус Трампни ўлдиришга тайёргарлик кўргани, аммо Федерал қидирув бюроси жиноятчиларнинг режасини йўққа чиқарганини хабар қилганди.
АҚШ Федерал қидирув бюроси Доналд Трампнинг ҳаётига икки суиқасдни тергов қилмоқда. Булардан биринчиси 2024 йил 13 июл куни Пенсилваниядаги Батлер шаҳарчасида рўй берган, ўшанда Трамп митинг чоғида қулоғидан яраланганди. Иккинчи суиқасд 15 сентябр куни Флоридадаги Палм-Бичда, Трамп ўйнайдиган голф-клуб ёнида рўй беради, ўшанда сиёсатчига ўқ тегмаганди. Алекс Айзенштадтнинг ёзишича, Эрон бу суиқасдларга алоқадор бўлмаган.