Siemens Energy даромадини 17% га оширди
0
Компаниянинг матбуот хабарига кўра, ушбу чорак якунларига кўра даромад 8,94 миллиард евроға етди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги 7,65 миллиард евроға нисбатан сезиларли ўсишни англатади. Бироқ, октябрь-декабрь ойларида компанияга келиб тушган буюртмалар ҳажми 11% га камайиб, 13,67 миллиард еврони ташкил этди (ўтган йили бу кўрсаткич 15,38 миллиард евро эди).
Siemens Energy’нинг соф фойдаси эса ўтган чоракда 252 миллион еврога тенг бўлди. Бир йил аввал бу кўрсаткич 1,58 миллиард еврога етган эди, бироқ бу натижага Ҳиндистондаги бизнесдаги улушининг сотилишидан тушган 1,67 миллиард евро миқдоридаги бир марталик даромад таъсир кўрсатган.
Компания йил якунида умумий буюртмалар портфели рекорд даражадаги 131 миллиард еврога етганини маълум қилди.
Компания прогнозларига кўра, валюта курслари ва портфель ўзгаришлари инобатга олинмаса, 2025 молиявий йили давомида даромад яна 8-10% га ошиши кутилмоқда.
Siemens Energy акциялари чоршанба кунги савдоларда 1,4% га ўсди. Охирги 12 ой ичида эса акциялар нархи тўрт баравардан кўпроқ ошган.
Siemens Energy 2020 йилда Siemens AG саноат концернининг газ, кўмир ва шамол электр станциялари учун ускуналар ишлаб чиқарувчи бўлимида мустақил компания сифатида ажралиб чиққан. Компания энергия ишлаб чиқариш, узатиш ва сақлаш бўйича кенг кўламли ечимларни таклиф қилади. Siemens Energy’нинг маҳсулотлари орасида анъанавий ва қайта тикланадиган энергия технологиялари, жумладан, водородда ишловчи газ ва буғ турбиналари, гидрид электр станциялар, генераторлар ва трансформаторлар мавжуд.
Компания 90 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритади ва 92 мингдан ортиқ ходимга эга.