Chevrolet янги Spark EUV’ни тақдим этди
0
Бразилияда қисқа тақдимот ва бир нечта тизерлардан сўнг, Chevrolet янги электр кроссоверининг расмий тасвирларини эълон қилди. Шу билан бирга, моделга аввал хетчбек бўлган Spark номи берилиши тасдиқланди. Жанубий Америка бозори учун у Chevrolet Spark EUV номи билан тақдим этилади. Шунингдек, автомашинанинг орқа қисмда "Activ" ёзуви мавжуд бўлиб, у эҳтимол, комплектацияни билдиради.
Spark EUV аслида Хитойда GM ва SAIC компаниялари ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган Baojun Yep Plus’нинг нусхаси ҳисобланади. Модел фақат беш эшикли версияда тақдим этилган бўлиб, уч эшикли варианти кўзда тутилмаган.
Дизайнда Chevrolet Spark EUV асосан Baojun Yep Plus’ни такрорлайди, ягона фарқ – логотип ва бренд белгилари. Модел квадрат шаклдаги кузов, кенг бамперлар, LED фарлар, вертикал орқа чироқлар ва ён томонга очиладиган юкхона эшиги билан ажралиб туради. Хитой версиясининг ўлчамлари: узунлиги 3996 мм, кенглиги 1760 мм, баландлиги 1726 мм ва ғилдирак базаси 2560 мм.
Ички маконда ҳам Spark EUV Baojun Yep Plus дизайнини такрорлайди. Рулда Chevrolet логотипи бор, олд панелда эса алоҳида рақамли асбоблар панели ва мультимедиа экрани жойлашган. Ўриндиқлар орасида сузувчи подлокотник мавжуд. Бразилия бозорида модел маҳаллий талабларга мослаштирилган вариантда тақдим этилади.