U-20 Осиё кубоги. Ушбу мусобақада порлаши кутилаётган футболчилар
А гуруҳи
Ши Сон Чен (Хитой)
Мезбон сифатида Хитойдан ёрқин ўйин кутилмоқда ва жамоани етаклаш масъулияти Ши Сон Ченнинг зиммасига тушади. 19 ёшли марказий ҳимоячи "Шандонг Таишан" клубининг Б жамоасида тўп сурмоқда.
Лука Ёванович (Австралия)
Ҳужумчи Афғонистонга қарши ўтказилган ўйинда жамоанинг икки голига ҳам муаллифлик қилди ва ҳужум чизиғида етакчилик қилиши кутилмоқда. 19 ёшли футболчи "Аделаида Юнайтед" клубида тўп тепади.
Ирискелди Маданов (Қирғиз Республикаси)
19 ёшли ҳужумчи Қирғиз Республикасининг финал босқичига чиқишида ҳал қилувчи роль ўйнади. У "I" гуруҳда иккита гол урди, унинг жамоаси эса Япония билан бир хил 7 очко тўплаб, ажойиб натижа қайд этди.
Иброҳим Муҳаммадали (Қатар)
Саралашнинг "J" гуруҳида жамоа сардори Муҳаммадали намунали ўйин кўрсатди. 19 ёшли ярим ҳимоячи ҳар ўйинда биттадан гол урди, Қатар эса тўққиз очко билан гуруҳ босқичини пешқадам сифатида якунлади.
"B" гуруҳи
Амури Файсал (Ироқ)
20 ёшли ярим ҳимоячи, Ироқ сардори ва таянч футболчиси бўлиб, жамоасининг "H" гуруҳида тўққиз очко билан биринчи ўринни эгаллашида муҳим роль ўйнади. У Ғарбий Осиё жамоасининг саралаш учрашувларида ўз ҳисобига учта гол ёздириб қўйди.
Оди Бурхон Фахурий (Иордания)
Иордания иккинчи ўринни эгаллаган энг яхши бешта жамоа қаторига кирди. 19 ёшли Фахурий ўз вазифасини аъло даражада бажариб, саралашнинг "J" гуруҳида Қатардан кейин иккинчи ўринни эгаллаган жамоаси сафида учта тўп киритди.
Тамер Фатҳи Алхайбари (Саудия Арабистони)
Алхайбари саралаш босқичида энг кўп — беш гол уриб, чинакам юлдузга айланди. Саудия Арабистони эса 10 очко тўплаб, "D" гуруҳида пешқадамга айланди. 19 ёшли ҳужумчи жамоасининг тўртинчи марта чемпионлик унвонини қўлга киритиш йўлидаги курашда етакчилик қилиши кутилмоқда.
Ри Чон Док (Шимолий Корея)
20 ёшли Ри, саралаш босқичининг "E" гуруҳида биринчи ўринни эгаллаган Шимолий Корея жамоаси таркибида алоҳида ажралиб турадиган ўйинчига айланди. КХДР Ўмондан тўрт очко илгарилаган ҳолда гуруҳни якунлашди. Тўртта гол урган ҳужумчи 2014 йилдан бери илк марта плей-офф босқичига йўл олиш илинжидаги корейсларнинг натижаларига улкан ҳисса қўшиши кутилмоқда.
"C" гуруҳи
Саидумархон Саиднуруллаев (Ўзбекистон)
U-20 Осиё кубоги сўнгги йилларда кўплаб ўзбекистонлик футболчилар учун муваффақиятга эришиш йўли бўлиб келмоқда. Саиднуруллаев ҳам Хитойдаги мусобақада ажойиб ўйин кўрсатиб, уларнинг изидан боришга ҳаракат қилади. 20 ёшли ярим ҳимоячи саралаш босқичида 4 та гол урди. Ўзбекистон чемпионлик унвонини ҳимоя қилишга бел боғлаган экан, унинг янада кўпроқ гол уришини кутиш мумкин.
Исмоил Ғолизода (Эрон)
Ярим ҳимоячи, саралаш босқичида учта гол урди. Эрон эса тўққиз очко билан мукаммал натижа кўрсатди. Ғолизода, Эроннинг чемпионлик унвонини қўлга киритиш учун курашида ҳал қилувчи аҳамиятга эга футболчи бўлади.
Женс Равен (Индонезия)
Ярим ҳимоячи, саралаш босқичида учта гол уриб, ёрқин таассурот қолдирди. Индонезия Яман, Тимор ва Мальдив оролларини орқада қолдириб, "F" гуруҳида биринчи ўринни эгаллади. 19 ёшли футболчи ҳозирда Нидерландиянинг "Дордрехт" ёшлар жамоасида маҳоратини оширмоқда.
Абдулраҳмон Абдулнаби (Яман)
Саралаш босқичидаги энг ёш ўйинчилардан бири бўлган 16 ёшли Абдулнаби, жамоасини финал босқичига олиб чиқиш йўлида иккита гол уриб, ажойиб ўйин намойиш этди. Ўнг қанот ҳужумчиси бўлган Абдулнаби, Яманнинг "Ал Ваҳда" жамоасида тўп тепмоқда.
"D" гуруҳи
Сома Канда (Япония)
Сома Канда, саралаш босқичида ажойиб натижа кўрсатди. У учта гол уриб, Япониянинг "I" гуруҳида етти очко билан пешқадам бўлишида ҳисса қўшди. 19 ёшли "Кавасаки Фронтале" ҳужумчиси аллақачон Осиё Элит Чемпионлар Лигасида тажриба орттирди ва энди у Японияга иккинчи бор чемпионлик унвонини қўлга киритиши учун ёрдам беради.
Шим Ён Вон (Жанубий Корея)
Жанубий Корея 13-чемпионлигини қўлга киритиб, ўз рекордини янгилашга ҳаракат қилади. Жамоанинг олдинги чизиқдаги имкониятлари юқори бўлса-да, ҳимоячи ва жамоа сардори Шимнинг роли ўта муҳим аҳамиятга эга, чунки шарқий осиёликлар жуда мураккаб гуруҳда мудофаа бўйича барқарорликни таъминлашлари керак.
Анас Даҳҳон (Сурия)
Сурия терма жамоаси, саралашнинг "А" гуруҳида тўхтатиб бўлмас кучга айланди ва 12 очко билан финал босқичига йўлланмасини қўлга киритди. 19 ёшли ҳужумчи Даҳҳон, жамоанинг асосий қуролига айланди ва тўрт марта рақиблари дарвозасини ишғол қилди. Анаснинг Япония ва Жанубий Корея ҳимоячиларига қарши курашини кўриш мароқли бўлади.
Келан Раян (Таиланд)
Таиланд, энг яхши бешта иккинчи ўринни эгаллаган жамоалардан бири сифатида финал босқичига етиб келди. Бунинг учун улар, беш гол уриб, жамоада муҳим роль ўйнаган Раяндан миннатдор бўлиши лозим. Жануби-Шарқий Осиё жамоаси, ўта кучли жамоалар жамулжами бўлган "D" гуруҳидан чиқиш учун 19 ёшли футболчининг юксак маҳоратига муҳтожлик сезади.
Манба: the-afc.com