Самарқандда электр ва газ таъминоти корхоналарининг 7 ходими қамоққа олинди
0
Маълум қилинишича, йиғилиш 14 феврал куни ўтказилган. Унда “Ҳудудий электр тармоқлари” ва “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятлари Самарқанд вилояти ҳамда туман ва шаҳарлар филиаллари ходимлари, шунингдек, бошқа масъуллар иштирок этган.
Йиғилишда таъминот корхоналарининг коррупциявий жиноятларни содир қилганликда айбланган 7 нафар ходимига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Гумондорлар йиғилишнинг ўзида қўлига кишан тақилган ҳолда олиб чиқиб кетилган.
15 феврал куни жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман суди “Қорадарё” электр таъминоти корхонасининг 4 ходимига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўллаш ҳақида ажрим чиқарди. Улар йиғилишда қамоққа олинганлардан бўлиши мумкин.
Хусусан, суд ажрими билан “Қорадарё” электр таъминоти корхонаси ҳуқуқшуноси О.Қ., инспектори Ю.Н., назоратчиси С.Н. ҳамда муҳандиси З.З.га қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Суд ҳужжатида келтирилишича, Ю.Н., С.Н. ва З.З. тил бириктирган ҳолда бир гуруҳ бўлиб, Каттақўрғон тумани Валижон маҳалласида яшовчи фуқаронинг электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари бузилганлиги ҳақида тузилган далолатномани ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 7 млн сўм ва 200 АҚШ долларини қўлга киритишган.
Ҳуқуқшунос О.Қ. эса туманнинг Алижон маҳалласида яшовчи, тармоққа ноқонуний улангани учун 27 млн сўм зарар ҳисобланган фуқарога тузилган далолатномани ижобий ҳал қилиб бериш учун 2,7 млн сўм сўраган. У киракаш орқали 2,7 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.