Тарихий тўсиқлардан омон чиққан занданича мато
0
Чингизхон бухоролик савдогарлар маҳсулотини кўриб, гарчи уларнинг қиймати 10-20 динор атрофида бўлса-да, зарбофтнинг бир бўлагига бир болиш олтин берган. Занданича, карпас матосининг бир бўлагига эса бир болиш кумуш тўланишини буюрган. Афсуски, мўғуллар истилоси ва ундан кейинги ўзаро курашларда Бухорода ҳунармандликнинг кўп турлари йўқолиб борган. Бу занданича матонинг тарихий тузум ўпқонларига илк тўсиққа учраган даври бўлган. Шунга қарамасдан, у бу довондан эсон-омон ўтган.
Маълумот ўрнида: Занданича - бу Бухорода тўқилган машҳур матоларданбири бўлиб, унинг номи «зандани» сўзидан келиб чиққан. «Зандани» сўзи, аслида, турма ёки маҳбусларни англатади. Афсонага кўра, бу мато дастлаб, қамоқхонадаги маҳбуслар томонидан тўқилган бўлиши мумкин. Бироқ, бошқа манбааларда «занданича» атамаси Бухоронинг ипакчилик саноати билан боғлиқ.
Бу мато ўзига хос анъанавий нақш ва тўқимачилик усули билан ажралиб туради. Мато қўлда тўқилади, ва асосан, ипак ёки ипак ва пахта аралашмаси ишлатилади. Ёрқин ранглар иборат бўлиб, кўпинча гулли ёки геометрик нақшларга эга бўлиб, ундан қадимда амирлар, сарой аҳли ва бой савдогарлар либослари учун фойдаланилган.
Совет даврида эса занданича мато кейинги тўсиқ босқичини бошидан кечирган. Бу даврда ипакчилик ва тўқимачилик саноати фабрикалаштирилган ва занданича каби анъанавий матолар ишлаб чиқариш қисман камайган. Бироқ, занданича мато ишлаб чиқаришнинг ҳали-ҳалигача сақланиб келинаётгани кишини қувонтиради. Бугунги кунда эса занданича миллий кийимлар, уй безаклари, миллий сеҳувинерлар тайёрлашда ҳам кенг фойдаланилмоқда.
Бу мато илк бора Бухоро вилоятининг Пешку тумани ҳудудидаги Зандани қишлоғи ҳунармандлари томонидан яратилган. Туман марказидан 12 километр узоқ масофада жойлашган ушбу қишлоқ узоқ тарихи, табиати ва азал урф-одатлари билан вилоятнинг бошқа кўҳна қишлоқларидан ажралиб туради. Тумандаги «Зандани» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига кирувчи, экин майдонлари Қизилқум саҳросига туташиб кетган Зандани қишлоғида ҳозирда салкам 800 нафар аҳоли истиқомат қилади.
Қадимда ушбу қишлоқ тепаликлардан иборат бўлиб, ундан қўрғон сифатида фойдаланиб келишган. Ҳозиргача бу тепаликларнинг бир қисми сақлаб қолинган ва шундан Зандани қишлоғи тарихи мозийнинг теран ва кўҳна илдизларига боғлиқ.
Тарихда «Зандани» атамаси илк бор Абу Бакр Муҳаммад ибн Жафар Наршахийнинг милодий 943-944 (ҳижрий 332) йилларда ёзилган «Бухоро тарихи» асарида тилга олинган. Бу қишлоқда катта қалъа, жомеъ масжиди ва бозорлар бўлган. Зандонада илк ўрта асрларда тўқилган бўз зандоначи, яъни «Зандона қишлоғидан чиқадиган» газлама деб аталган. Бухоронинг кўплаб қишлоқларида, масалан: Вардонзе, Искажкат, Ромитан ва Афшонада тўқиб чиқарилган бундай газламалар ҳам шундай номланиб, ўрта асрларда Ҳиндистон, Яқин ва Ўрта Шарқ ҳамда Европа давлатларига олиб чиқилган.
Қишлоқ ҳудудларида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича Бухоро вилояти координатори Шоҳруҳ Амоновнинг «Xabar.uz»га билдиришича, тўқимачилик цивилизациясига бешик бўлган Зандани қишлоғи Бухоронинг янги туристик манзилларидан бирига айланган. Унинг айтишича, занданачи газламасининг шуҳрати сўнгги ўрта асрларда ҳам баланд бўлган. Ҳукмдорлар ва улуғ кишилар бу матодан кийим тиктирганлар ва уни кийишни ўзлари учун шараф ҳисоблаганлар.
- Ҳаттоки, Амир Темур ҳам Туронда ҳокимиятни эгаллашдан аввал опаси ва бошқа яқинларини Зандани ва Вардонзе ўлкасига қолдириб, шу матодан оила аъзоларига кийим тиктирган экан. Занданича матолари Ўрта Осиёнинг бой безакли ипак матоси, у Ғарбда энг кенг тарқалган бўлиб, бир вақтлар машҳур тўқимачилик ишлаб чиқариш маркази бўлган. Тарихда ёзилишича, Бухоро яқинидаги ушбу қишлоқда ишлаб чиқарилган матолар авж олиб, кейинчалик мамлакат бўйлаб ҳам тарқала бошлаган. Занданийчи мато ишлаб чиқарувчи марказлар кўпайган. Шундай бўлса-да, бошқа жойларда ҳам унинг асл номи сақланиб қолаверган,-дейди Шоҳруҳ Амонов.
Маълум бўлишича, бу мато Ҳиндистон ва Ироққа юборилган, чунки у ўта пишиқлиги, ҳарир ва гўзаллиги билан ўша давр зодагон табақалари томонидан юқори баҳоланган. Ҳатто Европа қироличалари ҳам Занданийчи матосидан кўйлак кийишни яхши кўрганлар. Улар учун махсус қимматбаҳо мато етказиб турилган. Араб халифаси маъмурларининг эса солиқларни пул билан эмас, машҳур Зандана матоси ва ва гилам билан олишгани ҳам тарихий ҳақиқатлардан.
- Аслида ипакнинг ватани Хитой бўлса ҳам Занданичи ипак матолари Ғарб ва Шарққа сотилиши билан бирга, Хитойнинг ўзига ҳам тарқалиб кетган. Хусусан, парча, деб номланувчи зандана матоси 718 - 719 йилларда Бухоро шаҳридан Хитой императорига юборилганлиги ҳақида маълумотлар бор. VI - VIII асрларда ишлаб чиқарилган Занданийчи матолари парчалари Ғарбий Европанинг бир нечта музейларида бугунги кунда сақланиб қолинган. Белгиядаги Юн шаҳри соборида ҳам сақланаётган ушбу ноёб ипак мато парчасини ўрганаётган санъатшунос олим, француз тадқиқотчиси Д.Шепард унда сиёҳда битилган божхона ёзуви ва муҳрини топган ва уни ўқишга муваффақ бўлган,-дея сўзлаб беради Шоҳруҳ Амонов.
Маълумот ўрнида: ушбу парчада сўғд ёзувида бўлиб, матонинг узунлиги, ҳажми, вақти ҳақидаги маълумотнома экан. Ушбу муҳрнинг ўқилиши кўп ноаниқликларга ойдинлик киритган. Д.Шепард Европанинг қатор мамлакатларида сақланаётган. Занданийчи матосини аниқлашга муваффақ бўлган. Ва Шарқий Туркистондаги Дун-Хуан манзили топилмалари орасида ҳам шундай матолар борлиги аниқланган.
Айтилишича, занданачи матоси кўндаланг қаторларда жойлашган медалонлардан иборат нақшлар билан безатилар экан. Медалонлар оралиғига ўсимлик тасвири туширилиб, бошқа турдаги безаклар ромб, квадрат, геометрик ифодаланган гуллар ва ҳоказолардан иборат бўларкан. Француз тадқиқотчиси Д.Шепард ушбу матонинг тилларанг, тўқсариқ, оқ, кўк, қизил ва яшил каби ўзига хос ранглигини таъкидлайган.
Суҳбатдошнинг сўзига кўра, занаданича матолардан тикилган кийимлар Суғд, Тохаристон ва Марказий Осиёнинг бошқа вилоятларидаги сарой ҳамда қўрғонларнинг деворий расмларида акс эттирилган қабул ва байрам манзараларида кенг намойиш этилган.
- Бундай матолар кўпроқ милодий VI - VIII асрларга тааллуқлидир. Жумладан, Афросиёбда очилган деворий суратларда улуғ зотлар кийимлари безакларининг ниҳоятда хилма-хиллигини кўриш мумкин. Наршахий Бухоронинг ўзида Бухоро қалъасининг шарқий дарвозасида жойлашган йирик тўқув устахонаси – «Баит ат-Тураз» ҳақида таърифлайди. У ерда X-XI-асрларда халифалик даврида жуда қадрли бўлган, ипак эмас, балки пахта матоларининг ўзига хос тури – «занданача» ишлаб чиқарилган. Археологик қазишмалар натижасида Шимолий Кавказда ҳам шунга ўхшаш мато парчалари топилган,-дейди.
Билдирилишича, XIV ва XVI асрларда Занданийчи матоси пахтадан ишлаб чиқарилгани учун ҳам харидоргир бўлган. Занданийчи матоси ўрта асрларда Ғарбий Европа шаҳарларида, шу жумладан Болтиқбўйи мамлакатида фуқаролар учун энг арзон, табиий ва севимли импорт матолардан бири ҳисобланган.
- Пешку туманининг Зандани қишлоғи Бухоро амирлиги туманларидан бири саналган. У қишлоқ 1856 йилдан Бухоро амирлиги мунтазам қўшинининг икки таъминот марказларидан бири бўлиб хизмат қилган. Бугунги кунда қадимий Зандани қишлоғининг қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгарган. Бир вақтлар машҳур тўқимачилик ишлаб чиқариш маркази бўлган Зандани қишлоғида, мато ишлаб чиқариш анъаналарини давом эттириш мақсадида замонавий тикув-тўқув фабрикаси очилиб, ҳозирги кунда юздан ортиқ ҳудуд аҳолисининг бандлиги таъминланган. Шунингдек, қишлоқда сайёҳларни жалб этишда ҳудуднинг кўп йиллик тарихий ва анъанавий ҳунармандчилик имкониятларидан самарали фойдаланилди.
Шу мақсадда Хитойнинг Ханчжоу шаҳридаги «Ипак музейи» билан ҳамкорликда «Зандани» қишлоғида занданича мато ишлаб чиқариш устахонаси ва музейини ташкил қилиш ҳамда Бухоронинг маданий меросини сақлаш, оммалаштириш бўйича амалий ишлар бошланди. Ҳозирда бухоролик ҳунарманд усто Аҳмад Арабов, «SD-Turkman Haly» компанияси раҳбари Солмаз Жумаева, «Бухоро мероси» илмий тадқиқот маркази директори Роберт Альмеев ҳамда Орегон Университетининг Хитой ва Марказий Осиё архитектура тарихи кафедраси профессори Мариачиара Гаспарини билан ҳамкорликда халқаро алоқаларни ўрнатиш ишларини олиб бормоқдамиз. Занданича мато ҳам миллий маданиятимиз, ҳам ҳунармандчилигимиз рамзлари бўлиб қолаверади,-дейди Шоҳруҳ Амонов.
Маълумот ўрнида: ҳозирда Зандане қишлоғининг тарихий кўриниши сунъий интеллект ёрдамида тикланган ва у тарихий манбаалар билан уйғун келмоқда.
Бундай сайъ-ҳаракатлар, нафақат, тарихий технологияларни тиклайди, балки халқаро маданий алоқаларни мустаҳкамлайди, сайёҳларни жалб қилади ва маҳаллий аҳолига янги иш ўринларини яратади.
Манба: Xabar.uz