Рўза ниятига оид масалалар
0
Аслида, ният дегани қалбда бўладиган нарсадир. Қалбда, дилда қилинган ниятгина ҳисобга ўтади. Тилда ният қилинса-ю, қалбида ҳеч нарса бўлмаса, рўзаси рўза бўлмайди.
Мавлоно Алий Қорий айтганидек, тилда ҳам ният қилиш бидъати ҳасана, яъни мақбул амал ҳисобланади. Шунга кўра, одатдагидек: «Тонг отгандан кун ботгунча Рамазон ойи рўзасини тутмоқни ният қилдим» каби сўзларни дилдан ўтказиб ва тилда айтиб, ният қилади. Зотан, бизнинг фиқҳий китобларимизда тил билан ният қилиш ҳам суннатдир, дейилган («Оламгирийя», «Кофий», «Ниҳоя», «Наҳр»).
Мазҳабимизнинг барча фақиҳлари рамазон ойида ҳар бир кун учун алоҳида ният қилиш кераклигини айтишган (“Фатовойи Қозихон”). Аммо моликийларда бир ойлик Рамазон рўзасини бир ният билан тутиш жоиздир.
Имом Нажмиддин Насафий, аслида, рамазонда саҳарликка туришнинг ўзи ният ҳисобига ўтишини айтганлар. Аммо саҳарликка туриш ўша куннинг ўзи учун ният ўрнига ўтади, бошқа кунларга ўтмайди. Ниятнинг вақти ҳар куни қуёш ботишидан сўнг киради, ундан олдин қилинган ният ўтмайди (Сарахсий “Муҳийт”).
Бир киши қуёш ботишидан олдин кейинги кун рўзасига ният қилган бўлса-ю, сўнг ухлаб қолса ёки хушидан кетса ёхуд бирор сабаб билан заволгача ниятини янгилашга улгурмаса, бу кишининг нияти ўтмайди. Аммо қуёш ботганидан кейин ният қилган бўлса, дуруст (“Хулоса”). Ният борасида мусофир билан муқим ўртасида фарқ йўқ (“Табйин”).
Афзали ниятни ўз вақтида, яъни кечаси қилишдир. Аммо кундузи ният қилиш ҳам жоиз.
Шунингдек, ниятнинг аниқ-равшан бўлиши, яъни қайси рўзага ният қилинаётганини аниқ ва қатъий ният қилингани авлодир (“Ихтиёр”).
Ухлаб қолиб, саҳарликка туролмаган киши қуёш чиққандан сўнг уйғонса, ҳеч нарса емай-ичмай, рўзага ният қилиб олса, бизнинг мазҳабга кўра, ўша кунги рўзаси дуруст бўлади. Қуёш чиқишидан олдин уйғонса ҳам шундай. Ҳар икки ҳолатда ҳам одатдаги рамазон рўзаси ниятини қилаверади.
Аммо доим шундай қилавериш (яъни, тонг отгандан ёки қуёш чиққандан сўнг рўзага ният қилиш) ярамайди. Чунки, бошқа мазҳабларда бу нарса асло жоиз эмас. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бундай деганлар: “Кимки рўзасини тонгдан аввал жам қилиб, қасд қилиб олмаса, унинг рўзаси йўқдир” (Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Қазо ва каффорат рўзаларида эса, ниятни кечқурун қилиш ва тутадиган рўзасини қатъий тайин қилиш шарт (“Ниқоя”).
Манба: azon.global