Қозоғистонда бир оилада етти нафар ўзбекистонлик ис газидан вафот этди
0
Қозоғистоннинг Манғистов вилояти Басқудуқ қишлоғидаги уйда бир оиланинг етти аъзоси ис газидан заҳарланиб, вафот этди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 2 март куни Басқудуқ қишлоғида бир оиланинг ис газидан заҳарланиши билан боғлиқ ҳолат юз берган. Ҳодиса жойига етиб борган қутқарувчилар ва тез ёрдам хизмати бригадаси етти кишининг жасадига дуч келган бўлиб, уларнинг беш нафари вояга етмаган шахслардир.
Манғистов вилояти Фавқулодда вазиятлар департаментининг дастлабки версиясига кўра, фожиа газ ускунасидан нотўғри фойдаланиш оқибатида юз берган. Аниқланишича, ҳалок бўлганларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, Қозоғистонда вақтинча яшаб келган.
Фавқулодда ҳолат сабабларини аниқлаш учун комиссия тузилган, унга Манғистов вилояти ҳокимининг ўринбосари раислик қилмоқда.
«Ҳалок бўлганларнинг қариндошларига ҳар томонлама, жумладан, уларни дафн этишда ёрдам кўрсатилади. Вазият вилоят ҳокимининг шахсан назорати остида», — дейилади хабарда.