Пўлат Бобожонов кетди. Янги вазирдан нималар кутилмоқда?
0
3 март куни Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов лавозимидан озод этилди. 64 ёшли генерал-лейтенант 7,5 йилдан буён ички ишлар вазири лавозимида ишлаб келаётган эди.
У вазир лавозимига 2017 йил 4 сентябрда тайинланган эди. 2019 йил 12 сентябрда генерал-лейтенант махсус унвонини олган. Пўлат Бобожоновнинг истеъфоси сабаби ҳақида расмий маълумот берилмаган. Kun.uz манбаларига кўра, Бобожоновнинг ишдан олиниши 2024 йил ноябр ойи охирида куч тузилмаларида рўй берган тозалашлар билан боғлиқ.
Шу куннинг ўзида Пўлат Бобожоновнинг янги лавозими маълум бўлди. У Ўзбекистон президентининг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчисининг ўринбосари лавозимига тайинланди.
Бобожоновнинг ўрнига, ички ишлар вазири лавозимига генерал майор Азиз Тошпўлатов тайинланди. Номзодни депутатлар маъқуллагач тайинлов тўғрисида президент фармони имзоланган.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи лавозимига эса полковник Равшан Султонхўжаев тайинланди. У бунга қадар Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.
Пўлат Бобожонов фаолияти
Балки нисбатан очиқлик туфайлидир Бобожонов келганидан кейин ички ишлар вазирлигига, унинг қуйи ташкилотларига танқидлар тинмади. Бу асосан инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ эди: ҳар йили бир неча маротаба ички ишлар биноларига олиб борилган фуқароларнинг ўлими кузатилади. «15 суткалик қамоқ»лар – ҳамон долзарб масала. Жамоатчилик бу борада катта эътирозлар билдирганига қарамай, Пўлат Бобожонов ички ишлар биноларида фуқароларнинг ўлиб кетишига муносабат билдирмаган. Бундан ташқари, собиқ вазир бирор маротаба ОАВ вакиллари билан очиқ матбуот анжумани ўтказиб, саволларга жавоб бермаган.
2022 йилларда президент Шавкат Мирзиёев инсон ҳуқуқлари масаласида Пўлат Бобожоновга талаб ҳам қўйган эди.
«Охирги пайтларда айрим ушлаб туриш жойларида инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича оғриқли масалалар кўтарилмоқда», деган эди президент бош прокурор ва ички ишлар вазирига юзланиб. Президент улардан қонун ва инсон ҳуқуқлари олий қадрият эканини ўз тизимидаги ҳар битта ходимга етказишни талаб қилган. Аммо ҳозирга қадар ИИБ биноларидаги нохуш ҳолатларга барҳам беришнинг уддасидан чиқилмади.
Бир неча ҳафта олдин Тошкент вилоятидаги қамоқхоналарда 2 нафар маҳкум вафот этган бўлса, 24 феврал куни Узун туман ИИБга сўроқ учун олиб борилган 50 ёшли фермернинг ҳам ўлиги чиқди. Бу ҳолатлар юзасидан ҳам ўша вақтдаги амалдаги вазир Пўлат Бобожонов ҳам, унинг матбуот хизмати ҳам сукут сақламоқда.
Қатор фаоллар ИИВ тизимида вазирнинг алмашиши тизимда туб ўзгаришларга олиб келишига ишонмаяпти. Масалан, журналист Муҳрим Аъзамхўжаев бу ўзгаришни «23–24 ноябрдаги тозалаш тадбирининг чала қолган қисми» бўлса керак, деб ҳисоблаган.
«Пўлат Бобожоновнинг ички ишлар вазири лавозимидан олиниб, ўрнига Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг тайинланиши барибир тизимнинг яхши томонга ўзгаришига хизмат қилмайди, менимча. Шунчаки, қўли остидаги қанчадир ходими куни кеча қамалиб кетган одамнинг вазир лавозимида ўтиравериши мақсадга мувофиқ кўринмай қолган бўлса керак.
Эски вазирга эътирозлар керагидан ортиқ эди (масалан, ҳибсхоналардаги ҳар бир ўлимнинг ўзи қайта ва қайта истеъфога арзирди). Шунинг учун бугунги истеъфо йиғилиб қолган эътирозларнинг сабр тоғорасидан тошиб чиққани оқибати эмас (зотан, аллақачон тошқин бошланиб бўлганди), балки 23–24 ноябрдаги тозалаш тадбирининг чала қолган қисми бўлса керак. Шундай экан, ички ишлар органларининг оғир карвони ўз йўлида, ҳеч бир ўзгаришсиз туб томон ҳаракат қилишда давом этаверади, деб тахмин қилиш мумкин», – дейди журналист Муҳрим Аъзамхўжаев.
Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановнинг фикрича, Бобожонов тизимдаги камчиликлар учун ишдан олинганида аллақачон кетиши керак эди. Шу сабабли у ҳам «кетишни» тозалаш тадбирларига боғлаган. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Азиз Тошпўлатовдан унча катта натижалар кутмаяпти, дейди ҳуқуқ фаоли. Чунки тизимдаги одам эски ютуқларга ҳам, камчиликларга ҳам шерик, албатта, ҳаммасини вақт кўрсатади, дейди у.
Иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров эса фуқаровий раҳбарлар келса, тизим туб ислоҳотлар бошланиши мумкинлигини ёзган. У соҳадаги қўпол хатолар учун сиёсий жавобгарлик тушунчаси борлигига, ишонишини айтган.
«Менимча, биздаям сиёсий жавобгарлик тушунчаси ва амалиёти бор. Фақат бу одатда кечиктириб ёки афиша қилинмай амалга оширилади.
Фуқаровий секторлар ўз йўлига. Лекин масалан, турли қотиллик жиноятлари, қамоқхонада ва изолятордаги ўлимлар кўпайиши жамиятда саволлар туғдиришига қараб, бу саволларга сиёсий жавоб ҳам берилиши анъанаси йўқолмаган, деб ўйлайман.
Нима бўлгандаям, ҳуқуқий ва инсоний давлат қурмоқчи бўлсак, Полиция ислоҳ қилиниши керак. Балки тизимга фуқаровий раҳбарлар келса, туб ислоҳотлар бошланар. Идеалда полиция ва мудофаа устида фуқаровий менежмент бўлиши керак», — деб ёзади Бакиров.
Азиз Тошпўлатов билан ишлаган Kun.uz манбаларига кўра, генерал оддий ва жайдари одам. «Ким яхши ишласа, ўша билан яқин бўлади, энг яхши томони гуруҳбозлик қилмайди. Нисбатан очиқ одам ва ўринли танқидларни кўтаради, танқид қилинаётган хизматни тўғрилашга ҳаракат қилади», дейди Тошпўлатов билан ишлаган ходимлардан бири.
Албатта, ҳаммасини вақт кўрсатади. Жамоатчилик янги вазирдан очиқлик, тизимда туб ислоҳотлар, шу билан бирга ходимлар томонидан фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларига дахл қилмаслик учун шахсий жавобгарликни кутиб қолади.