Италия клиникалари ўзбекистонлик ҳамшираларга юқори маош таклиф этмоқда
Италияда тиббиёт соҳасидаги малакали мутахассисларга талаб ортиб борар экан, ўзбекистонлик ҳамширалар учун ҳам янги имконият эшиклари очилди. Ўзбекистон Миграция агентлиги маълум қилишича, Италия ҳукумати билан олиб борилган музокаралар натижасида Милан шаҳридаги нуфузли клиникаларда ишлаш учун ҳамширалар танлови эълон қилинди.
Лойиҳа доирасида дастлаб 3 ойлик стажировка ўтказилади. Бу вақт мобайнида номзодлар клиникаларда амалий кўникма орттириб, иш жараёнларига мослаша олади. Стажировка даврида ҳамшираларга ойига 1200–1500 евро маош, бепул турар жой ва тушлик, шунингдек, италян тили курслари тақдим этилади. Иш режими енгил ва қулай шартларда ташкил этилиши айтилаяпти.
Энг қизиғи, стажировка муваффақиятли якунланган тақдирда, ҳамширалар билан 1800–2200 евро миқдорида ойлик маош белгиланган тўлиқ меҳнат шартномаси имзоланади. Агар номзод ўзи истаса, илгариги иш жойига қайтиш имконияти ҳам сақланиб қолади.
Талаблар ҳам аниқ белгиланган: номзодлар “Олий ҳамширалик иши” йўналишида олий маълумотга эга бўлиши, камида 3 йиллик тажрибага эгалиги, 20–45 ёш оралиғида бўлиши, соғлом ва хорижга чиқишига тўсиқлар йўқлиги керак.
Ариза бериш учун зарур ҳужжатлар қуйидагилардан иборат: паспорт нусхаси, диплом, белгиланган намунадаги инглиз тилидаги резюме, ҳамда сўнгги 3 ой ичида олинган рангли фотосурат.
Миграция агентлиги аризалар 15 августга қадар қабул қилинишини маълум қилди. Биринчи босқичда эса 10 нафар номзод саралаб олиниши режалаштирилган.
Бундай имконият нафақат юксак маош олиш, балки халқаро тажриба орттириш, янги билим ва кўникмаларга эга бўлиш учун ҳам катта қадам бўлиши шубҳасиз.