Суринамда топилган улкан олтин кони ҳайрат уйғотди
Жанубий Америкадаги кичик, аммо табиий бойликларга сероб Суринам давлати яқинда геологик тадқиқотлар натижасида ниҳоятда нодир ва қимматбахо топилма билан эътиборни ўзига қаратди. Earth.com нашри хабарига кўра, мамлакат ҳудудидаги илгари чуқур ўрганилмаган Мария Гералда номли жойда олтинга ғайратда бой кон аниқланган.
Олиб борилган изланишлар жараёнида ҳудудда битта қудуқ қазилиб, 22,5 метр узунликдаги қатламдан намуналар олинди. Лаборатория таҳлиллари натижасида ҳар бир тонна жинс таркибида 11,88 грамм соф олтин мавжудлиги аниқланган. Мутаҳассислар таъкидлашича, бундай миқдор жуда кам учрайди ва тоғ-кон саноатида йирик бой кон сифатида баҳоланади. Одатда бир тонна жинс таркибида олтин миқдори 1–10 грамм оралиғида бўлади, амалиётда эса кўплаб конлар атиги 2 г/т даражадан юқори бўлмайди. Шу боис, деярли 12 г/т кўрсаткич нафaқат ўзига хос рекорд, балки лойиҳа иқтисодиётини тубдан ўзгартириш имкониятига эга.
Мария Гералда ҳудудининг ўзига хос жиҳати — олтин томирларининг нафaқат юқори сифатга, балки кенглик ва зичликка ҳам эга бўлишидадир. Бу эса қазиб олиш жараёнини иқтисодий жиҳатдан анча фойдали қилади. Саноат экспертлари бу топилмани Суринамнинг тоғ-кон салоҳиятини янада оширадиган стратегик ресурс сифатида кўрмоқда.
Бироқ мутахассислар фикрича, бу кон мамлакат иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатса-да, умумий кўрсаткичларга кескин таъсир қилмайди. Чунки Суринам сўнгги йилларда нефть ва тоғ-кон саноати ҳисобига барқарор ривожланиб келмоқда. Мазкур соҳалар мамлакат ялпи ички маҳсулотининг қарийб 60 фоизини, экспорт даромадининг эса 90 фоизини таъминламоқда.
Шунга қарамай, конни ишга туширишда бир қатор муаммолар мавжуд. Йилига 4 000 миллиметрдан ортиқ ёғин ёғадиган Суринамнинг зич тропик ўрмонлари қазиш ишларини мураккаблаштиради. Бундай ҳудудларда экологик хавфсизлик масалалари жуда муҳим бўлиб, қатъий назорат талаб этилади. Ҳукумат эса ривожланиш билан бирга табиат хилма-хиллигини асраш ва маҳаллий аҳолининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган меъёрларни босқичма-босқич кучайтириб бормоқда.
Мутаҳассислар бу топилмани Суринамнинг келажакдаги иқтисодий имкониятларини кенгайтирувчи, аммо экологик масъулиятни ҳам оширувчи омил сифатида баҳолашмоқда. Шу сабабли, конни ишга тушириш жараёни халқаро тажрибаларни инобатга олган ҳолда, табиатга минимал зарар етказиш тамойиллари асосида олиб борилиши кутилмоқда.