Ўзбекистон термаси штаби: Кападзе қоладими ёки чет эллик келадими?
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2026 йилги Жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёни мухлислар орасида катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу масалага таниқли футбол мутахассиси Алишер Никимбаев ҳам ўз муносабатини билдириб, терма жамоа мураббийлар штаби қандай шаклланиши кераклиги ҳақидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Никимбаевнинг таъкидлашича, бу масалада тўғри баланс топиш жуда муҳим. Унинг фикрича, савол шундаки: биз мураббийни фақат Жаҳон чемпионати–2026 учун излаяпмизми ёки Осиё Кубогини ҳам инобатга олаяпмизми? Ахир, Осиё Кубогига ҳам атиги ярим йил қолди. Демак, бу ерда масала нафақат бир турнир, балки икки муҳим мусобақада ҳам терма жамоани бошқара оладиган мураббий ҳақида кетмоқда.
— Бу худди шахматга ўхшайди, — дейди Никимбаев. — Бир қадамни амалга оширсангиз, кейинги ҳаракатларингиз ҳам олдиндан ҳисобланган бўлиши керак. Агар ҳозир барча ишни чет эллик мутахассисга топшириб, уни шошилинч тарзда олиб келсак, бу ҳам тўғри қарор бўлмаслиги мумкин. Лёв, Билич, Капелло ёки Анчелоттини олиб келишдан аввал, улардан нимани кутаётганимизни, қандай вазифаларни бажаришини ва қанча муддатга ишлашини аниқ белгилаб олишимиз шарт.
Мутасадди фикрига кўра, ҳозирги терма жамоадаги футболчиларнинг ярми 30 ёшдан ошган, қолганлари эса тез орада шу ёшга етади. Шу сабаб, эртами-кечми таркибни янгилаш зарурияти пайдо бўлади. Никимбаевнинг тахминига кўра, агар йирик жароҳатлар ёки янги юлдузлар чиқиб қолмаса, Ўзбекистонни мундиалга олиб чиққан таркиб айнан ўша ҳолатда мусобақада иштирок этади.
У, айниқса, Тимур Кападзе масаласига алоҳида тўхталди:
— Менимча, Кападзе терма жамоада қолиши шарт. Қайси лавозимда бўлишини алоҳида муҳокама қилиш мумкин, аммо унинг қолиши жамоа келажаги учун зарур. У ёш футболчиларни ҳаммадан яхши билади, улар билан ишлай олади. “Олимпик” орқали юзлаб футболчиларни тайёрлаб берган мураббий сифатида Кападзе келажакда миллий жамоанинг асосий пойдеворини қуришга қодир.
Никимбаевнинг фикрича, ҳатто чет эллик мураббий таклиф этилган тақдирда ҳам, Кападзенинг жамоадаги ўрни алоҳида бўлиши керак. Чунки маҳаллий футболчиларнинг имкониятларини у яхши билади ва хорижлик мутахассисга йўл-йўриқ кўрсата олади.
Бироқ у Кападзенинг айрим заиф томонларини ҳам қайд этди. Мисол учун, у ҳали катта турнирларда — Жаҳон чемпионати ёки Олимпиадада — тўплам тажрибага эга эмас. Париж Олимпиадасида кутилган натижа келмагани ҳам ана шу омил билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Хулоса қилиб айтганда, Никимбаевнинг фикрига кўра, Ўзбекистон учун энг мақбул вариант — маҳаллий ва хорижий тажрибани уйғунлаштирган мураббийлар штаби шакллантириш. Чет эллик мураббий маслаҳатчи сифатида ёрдам бериши, Кападзе эса миллий жамоа асосини шакллантиришда бошчи бўлиши лозим.
Бу масалада якуний қарор ЎФА қўлида. Аммо бир нарса аниқ: Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионатига бориши кутилган шароитда, тўғри мураббийлар штаби танланиши ҳал қилувчи омил бўлади.