Миржалол Қосимов: «Хоразм»га қарши ғалаба осон бўлмади
Суперлиганинг 20-туридан ўрин олган ОКМК – «Хоразм» (3:1) учрашувидан кейин олмалиқликлар бош мураббийи Миржалол Қосимов матбуот анжуманида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Унинг таъкидлашича, жамоа муҳим уч очкони қўлга киритгани барча иштиёқнинг асосий самараси бўлди.
«Асосий мақсад – уч очко эди»
— Биз учун энг муҳими ғалабага эришиш ва уч очко олиш эди. Ҳар бир баҳс тобора оғир кечмоқда. Биринчи даврада ҳам қийналганмиз, шу сабаб бу сафар ҳам жиддий тайёргарлик кўрдик. «Хоразм» жамоаси бугун майдонда жуда яхши ҳаракат қилди. Хусусан, уларнинг ҳужумчилари Бобожонов ва Самиев ҳимоячиларимизга жиддий қийинчилик туғдирди ва улардан бири голга айланди. Қизиқарли, бироқ жуда оғир ўйин бўлди. Шу фурсатдан фойдаланиб, бизга доим қўллаб-қувватлов кўрсатаётган мухлисларимизга миннатдорчилик билдираман, — деди Қосимов.
«Хатолар ҳам бор эди, рақиб ҳам яхши ҳаракат қилди»
— Биринчи бўлимда қанот орқали ҳужумларни яхши бошладик, аммо тўп марказга етиб бормаётганини кўрдик. Бу ҳолатда ноаниқ узатмалар ҳам таъсир кўрсатди. Шу билан бирга, «Хоразм»нинг учта марказий ҳимоячи билан мустаҳкам ўйнаганини ҳам қайд этиш керак. Уларнинг 7 ва 94-рақамли футболчилари қанотдан тезкор чиқиб, ҳимоямизга босим ўтказишди. 45-дақиқада Нодир Абдураззоқов ажойиб комбинациядан кейин гол уриш имкониятига эга бўлди, аммо ундан фойдалана олмади.
Футболнинг қонун-қоидаси шу: имкониятдан фойдаланмасанг, рақиб унга жавоб қайтаради. Самарқанддаги ўйинда ҳам мағлубиятга арзимаган эдик, ўшанда Хуршид Ғиёсов ва Ажак Риакда имкониятлар бор эди.
«Катта танаффус биз учун синов бўлади»
— Энди катта танаффус кутмоқда. Бу мураббийлар учун ҳам маълум маънода бош оғриғи. Чунки футболчиларни доимий тонусда ушлаб туриш осон эмас. Аввало, миллий терма жамоа ва U-23га чақирилган ўйинчиларимизга омад тилаймиз. Улар яхши ҳолатда қайтишига ишонамиз. Биз учун бу ҳолат янгилик эмас — чемпионат бошланиши биланоқ ФИФА кунлари кириб келади ва жамоа бир муддат ўйин ритмидан чиқиб қолиши мумкин. Кейинги баҳс 12 сентябрда бўлади. Шу оралиқда ўртоқлик учрашувлари ўтказамиз. Бу вақтда жамоага уч кун дам берамиз, сўнгра эса навбатдаги баҳсларга жиддий тайёргарликни бошлаймиз, — дея таъкидлади мураббий.
Қосимов сўзларига кўра, ОКМК олдиндаги учрашувларда ҳам ўз мақсадидан чекинмасдан, юқори поғоналар учун курашни давом эттиради.
Манба: championat.asia