Хитойдаги заводда кислота сизиши беш ишчи умрига зомин бўлди
Хитойнинг марказий қисмида жойлашган Шанчэн туманида 29 сентябрь куни эрталаб йирик саноат ҳудудида юз берган фожеа катта шов-шувга сабаб бўлди. Hexin Chemical компаниясига қарашли заводда олтингугурт кислотаси сақланадиган идишдан модда сизиб чиққани ва оқибатда бир нечта ходимлар заҳарланиб, ҳалокат юз бергани ҳақида хабар берилди. Бу ҳақда “Xinhua News” маълумот тарқатди.
Мутахассисларнинг дастлабки маълумотларига кўра, кислота заводнинг ёмғир сувини йиғиш тизимига аралашиб кетган. У ерда эса водород сульфиди билан реакцияга киришиб, хавфли кимёвий жараённи келтириб чиқарган. Шунинг натижасида ҳавога қаттиқ таъсир этувчи заҳарли буғ тарқалган ва ишчилар уни нафас олиб юборган.
Расмий маълумотларга кўра, беш нафар ишчи воқеа жойида ҳалок бўлган. Бир ишчи оғир жароҳат олган бўлиб, унинг аҳволи шифокорлар томонидан жиддий деб баҳоланмоқда. Яна икки нафар ходим эса енгил жароҳат билан шифохонага етказилган ва уларнинг соғлиғи барқарорлиги қайд этилмоқда.
Шанчэн тумани Фавқулодда вазиятлар бошқармаси расмийларининг билдиришича, ҳодиса содир бўлган пайтда барча ишчилар завод ҳудудидан эвакуация қилинган. Айни вақтда махсус комиссия воқеа сабабларини аниқлаш учун текширув ишларини олиб бормоқда.
Экологлар ва хавфсизлик мутахассислари бу каби заҳарли моддалар билан боғлиқ фожеалар нафақат ишчилар ҳаёти, балки атроф-муҳит учун ҳам жиддий хавф туғдиришини таъкидлашмоқда. Шу боис кимёвий моддалар сақланадиган корхоналарда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этиш ва профилактик чораларни кучайтириш зарурлиги яна бир бор ёдга солинди.
Жамоатчилик эса ҳодиса бўйича холис ва тўлиқ тергов ўтказилишини, барча айбдор шахслар жавобгарликка тортилиши зарурлигини талаб қилмоқда.