Ўзбекистонда рақамли олтин савдоси расман бошланди
Ўзбекистон фуқаролари ва компаниялари энди банк мобил иловалари орқали реал вақт режимида олтин ва кумушга инвестиция киритиш имкониятига эга бўлди. Бу янгилик мамлакатда молиявий бозорни рақамлаштириш ва инвестиция муҳитини кенгайтиришда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 3 ноябрда 3698-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорга кўра, жисмоний ва юридик шахслар энди олтин қуймалар ҳамда уларнинг рақамли эквивалентларини онлайн тарзда сотиб олиши ёки сотиши мумкин.
Энг муҳими — бу жараёнда банкка бориш шарт эмас. Фуқаролар ўлчовли олтин қуймаларини ёки рақамли олтинни — яъни граммда ифодаланувчи жисмоний бўлмаган активни — мобил иловалар орқали харид қила олади.
Олтин ва кумуш нархлари ҳар куни Лондон қимматбаҳо металлар бозори уюшмаси белгиловчи халқаро фиксинг асосида янгиланиб боради. Бу эса нарх сиёсатини очиқ ва шаффоф қилиб, бозор қоидаларига мослаштиради.
Тизим орқали кичик инвестициялар ҳам амалга оширилиши мумкин — яъни фуқаролар хоҳлаган миқдорда олтин харид қилиб, уни реал вақтда сотиши ёки сақлаши мумкин бўлади. Барча операциялар шахсий идентификация ва аутентификация орқали амалга оширилади.
Банклар нархларни ўз расмий веб-сайтлари, мобил иловалари ва ижтимоий тармоқлар орқали доимий янгилаб боришади. Молиячилар фикрича, бу ташаббус Ўзбекистонда аҳоли ва бизнес учун янги инвестиция имкониятларини очиб, рақамли иқтисодиётга қадам қўйишни тезлаштиради.
