Фарғонада 2 396 гектарлик йирик туризм зонаси очилади
Фарғона вилоятида туризмни “шунчаки сайр”дан реал иқтисодий лойиҳага айлантирадиган навбатдаги катта қадам ташланмоқда. Президент қарори билан умумий майдони 2 396 гектарни қамраб оладиган “Фарғона” туристик-рекреатсион зонаси ташкил этилиши белгиланди.
Қарорга кўра, туристик зона 30 йил муддатга йўлга қўйилади ва кейинчалик бу муддатни узайтириш имконияти ҳам назарда тутилган. Бу дегани: лойиҳа бир мавсумлик “шов-шув” эмас, узоқ масофага мўлжалланган стратегия.
Энг қизиқ жойи — Фарғона туманидаги “Водил” малина агротуризм кластерини туристик объект даражасига олиб чиқиш режалари. Бунинг учун инфратузилма яратилади, салоҳиятли тадбиркорлар жалб қилинади ва малина боғлари (плантациялар) ҳудудида енгил конструкцияли хизмат кўрсатиш нуқталари ташкил этилиши айтилмоқда. Яъни келажакда Водилга борган одам “расмга тушдим-у қайтдим” эмас, мазмунли дам оладиган, хизмат оладиган форматга ўтиши мумкин.
Яна бир йўналиш: 2026–2027 йилларда Ёзёвон туманидаги Марказий Фарғона сув омбори атрофида туризм хизматларини йўлга қўйиш орқали иш ўринлари яратиш режа қилинган. Бу ҳудудга сервис, дам олиш, саёҳат хизматлари кириб келса, маҳаллий бандлик ҳам, ички туризм ҳам сезиларли тезлашиши мумкин.
Шунингдек, Фарғона туманининг “Саноат” ва “Ҳосилот” МФЙ ҳудудларида хорижий тажриба асосида малина плантацияларини кўпайтириш, музлаткичлар ҳамда чуқур қайта ишлаш цехларини қуриш орқали агротуризм хизматларини кучайтириш кўзда тутилган. Қисқаси: фақат сайёҳ келиши эмас, маҳсулотни сақлаш ва қайта ишлаш занжири ҳам бирга юради.
