Пхукетда катер ҳалокати: ўзбекистонлик сайёҳлар ҳам жароҳатланди
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Таиланднинг Пхукет оролида катер ҳалокатга учрагани ва унда ўзбекистонликлар ҳам жабрлангани ҳақида тарқалган хабарларга муносабат билдириб, расмий маълумотни очиқлади.
Қайд этилишича, ҳодиса 11 январ куни содир бўлган. Тезюрар катер Пхукетдан Пхи-Пхи ороли томон йўл олган вақтда балиқчилар кемаси билан тўқнашиб кетган. Катерда Ўзбекистон фуқароларидан ташқари Россия, Қозоғистон ва Қирғизистондан келган сайёҳлар ҳам бўлган.
ТИВ маълумотига кўра, катер бортда Ўзбекистоннинг 3 нафар фуқароси бўлган. Тўқнашув оқибатида уларнинг 2 нафари енгил тан жароҳати олган ва маҳаллий шифохонага ётқизилган. Кейинчалик жабрланганлар тўлиқ соғайган ҳамда белгиланган тартибда шифохонадан чиқарилган.
Шунингдек, расмий ахборотда барча тиббий ва бошқа зарур харажатлар катерга эгалик қилувчи компания суғуртаси ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилгани ҳам таъкидланган.
Қайд этилишича, ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг Бангкок шаҳридаги Бош консулхонаси маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва соғлиқни сақлаш муассасалари билан доимий алоқада бўлиб келган.
Россиянинг Пхукетдаги бош консуллиги эса ҳодиса оқибатида Россиянинг 18 ёшли фуқароси ҳалок бўлгани, яна 23 нафар россиялик сайёҳ турли даражада жароҳат олгани ҳақида маълум қилган.
Қисқаси, катер ҳалокати жиддий воқеа бўлса-да, Ўзбекистон фуқароларига кўрсатилган ёрдам ўз вақтида бўлгани ва улар соғайиб чиққанини расмийлар тасдиқлади.
