Тошкентда 5-автобус саройида автобус ёниб кулга айланди
Тошкент шаҳридаги “5-автобус саройи” филиали ҳудудида автобусда ёнғин чиққани акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тез тарқалди. Ҳодиса жамоатчилик эътиборини тортиб, турли саволларни ҳам ўртага ташлади.
“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ матбуот хизмати маълум қилишича, ёнғин 13 январь куни тунги соат 02:03 атрофида 2018 йилда ишлаб чиқарилган MAN A22 CNG русумли автобусда юз берган. Филиалнинг навбатчи нозимлари вазиятни пайқаган заҳоти 101 қисқа рақамига соат 02:10 да қўнғироқ қилиб, ёнғин ҳақида хабар берган.
Фавқулодда вазиятлар бошқармасига қарашли ўт ўчириш бўлинмаси соат 02:20 да автопарк ҳудудига етиб келган. Кучлар тезкор ҳаракат қилганига қарамай, ёнғин тўлиқ бартараф этилиши соат 02:40 га тўғри келган.
Маълумотларга кўра, ушбу автобусга 10 йиллик иш стажига эга ҳайдовчи бириктирилган бўлиб, у автобусда 101-сонли йўналишда ҳаракатланган. 12 январь куни соат 04:16 да навбатчи механиклар томонидан кўрикдан ўтказилган ва транспорт воситаси техник жиҳатдан соз ҳолатда деб топилган. Шундан кейин автобус соат 05:33 да филиал ҳудудидан чиқиб, кун давомида қатновларни тўлиқ бажарган ҳамда соат 22:00 ларда ишини якунлаган.
Кейин ҳайдовчи “Даврон сифатли газ” МЧЖга тегишли газ қуйиш шохобчасига бориб, автобусга газ қуйдирган. Соат 23:29 да эса автопаркка қайтиб келиб, автобусни эшиклари ёпиқ ҳолда сафга қўйгани қайд этилган.
Ҳозирча ёнғиннинг аниқ келиб чиқиш сабаби юзасидан расмий хулоса берилмаган. Аммо тунги вақтда содир бўлган бу ҳолат автопаркларда техник назорат ва хавфсизлик масалаларини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди.
