800 миллион рубллик уй: 9 ёшли Абдуллага расмийлашган
Чеченистон раҳбари оиласига тегишли кўчмас мулклар ҳақида янги маълумотлар жамоатчиликда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Сизиб чиққан расмий реестр ҳужжатларига таянган ҳолда, Грозний шаҳри марказида жойлашган қимматбаҳо уйлар раҳбарнинг вояга етмаган ўғилларига тегишли экани маълум қилинди.
Маълумотларга кўра, Чеченистон раҳбарининг 9 ёшли ўғли Абдуллага умумий майдони 2 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган ҳашаматли уй ва 4 минг квадрат метр ер участкаси расмийлаштирилган. Ушбу кўчмас мулкнинг қиймати тахминан 800 миллион рублга, яъни 10 миллион доллардан ортиқ суммага баҳоланмоқда. Айтилишича, мазкур бино раҳбар қароргоҳидан бор-йўғи 300 метр масофада жойлашган.
Қайд этилишича, дастлаб ушбу ер ва уй раҳбарнинг ўзи томонидан ижарага олинган, кейинчалик эса мулк ўғли номига ўтказилган. 2023 йилда, Абдулла 7 ёш бўлган пайтда, ушбу мулк хусусийлаштирилган. Бироқ таҳлилчиларга кўра, боланинг бу даражадаги кўчмас мулкни сотиб олиш учун мустақил молиявий имконияти бўлмаган.
Реестр маълумотларида шу ҳудудда раҳбарнинг яна бир ўғли — 19 ёшли Алига тегишли қимматбаҳо уй ва ер участкаси ҳам қайд этилган. Ушбу кўчмас мулкнинг қиймати тахминан 500 миллион рублга баҳоланади. Маълум қилинишича, Али ушбу уйни 2024 йил февраль ойида харид қилган.
Шунингдек, раҳбарнинг 18 ёшли яна бир ўғли Адамга ҳам Грозний марказида жойлашган, тўрт қаватли ва 2 минг квадрат метр майдонга эга ҳашаматли уй тегишли экани айтилмоқда. Ушбу мулкнинг бозор қиймати тахминан 750 миллион рублни ташкил этади.
Нашрлар таъкидлашича, мазкур маълумотлар жамоатчиликда раҳбар оиласининг молиявий имкониятлари ва кўчмас мулк масалалари бўйича янги саволларни ўртага чиқармоқда.
