«Башакшеҳир» Элдор Шомуродовни тўлиқ сотиб олгани маълум бўлди
"Истанбул Башакшеҳир" Элдор Шомуродов бўйича муҳим қарор қабул қилди: клуб ўзбекистонлик ҳужумчининг 2,7 миллион еврога тенг сотиб олиш бандини расман ишга туширди. Бу ҳақда Ajansspor нашри хабар бермоқда.
Бу қарордан кейин Шомуродовнинг трансфер ҳуқуқи эндиликда тўлиқ “Башакшеҳир” қўлига ўтади. Шу билан бирга, келишувда яна бир қизиқ жиҳат бор: агар Элдор келажакда бошқа жамоага кўчса, "Рома" кейинги трансфер суммасининг 10 фоизини олиш ҳуқуқини сақлаб қолади. Эътиборлиси, 30 ёшли форварднинг трансфер ҳуқуқи 2021 йилдан буён айнан римликларга тегишли бўлиб келаётган эди.
Ҳозирги формасига қараганда, бу “10 фоиз” ҳам анча ширин чиқиши мумкин — чунки Элдор бу мавсум Туркия Суперлигасида ҳақиқий драйвда. У чемпионатда 20 та учрашув ўтказиб, 14 та гол урди ва 4 та голли узатмани ҳисобга ёздирди. Энг муҳими, айнан шу натижалар уни тўпурарлар пойгасида пешқадам қилиб турибди.
Қисқаси, “Башакшеҳир” риск қилмади — тайёр гол машинасини қўлдан чиқармай, ўзиники қилиб олди. Энди эса Шомуродовга асосий вазифа битта: шу темпни ушлаб қолиш ва жамоани юқори мақсадлар сари етаклаш. Рақиблар эса, одатдагидек, “қаерда тўхтатамиз?” деб бош қотиради.
