Экспертлар: баҳорда смартфонлар 10–30 фоизга қимматлашиши мумкин
Баҳор келиши билан нафақат об-ҳаво, балки гаджетлар ҳам “исиб” кетиши мумкин. Ахборот технологиялари бўйича эксперт Элдар Муртазиннинг фикрича, смартфонлар баҳор ойларига бориб ўртача 10–30 фоизгача қимматлашиш эҳтимоли бор.
Бундай прогнознинг асосий сабаби сифатида бозордаги хотира чиплари нархининг ўсиши тилга олинмоқда. Аввалроқ таҳлилчилар смартфонларда ишлатиладиган хотира элементлари жаҳон миқёсида қимматлаётганини таъкидлаган. Хусусан, Counterpoint Research халқаро таҳлилий компанияси баҳоси бўйича, йилнинг биринчи чорагида хотира нархи 40–50 фоизгача кўтарилиши, иккинчи чоракда эса яна тахминан 20 фоизга ошиши мумкин.
Муртазиннинг айтишича, нархлар ҳозирнинг ўзида кўз ўнгида ўзгариб бормоқда. Аммо март–апрель ойларига келиб, бу жараён айниқса сезиларли бўлади ва нарх ўсиши техника турига қараб фарқ қилади. Унинг сўзларига кўра:
- смартфонлар 10 фоиздан 30 фоизгача қимматлашиши мумкин;
- ноутбуклар ўртача 20 фоизгача кўтарилиши эҳтимол;
- ўйин ноутбукларида эса ўсиш 30–40 фоизгача етиши мумкин.
Экспертнинг фикрича, жараён фақат смартфон ёки компьютерлар билан чекланиб қолмайди. Аста-секин бошқа турдаги техника, жумладан маиший техника ҳам қимматлашиши мумкин.
Хулоса оддий: ким яқин ойларда телефон ёки ноутбук олишни режа қилган бўлса, баҳорга қолдириш “қиммат ҳазил” бўлиб чиқиши мумкин.
