"Барселона" уйқу мутахассиси билан тикланишни янги босқичга чиқарди
Каталониянинг “Барселона” клуби бу мавсум жуда қизиқ йўлни танлади: мураббийлар штаби энди фақат тактика, прессинг ёки жисмоний тайёргарлик билан чекланиб қолмаяпти. Улар футболчиларнинг дам олиши ва тикланиши масаласига ҳам жиддий ёндашишни бошлади.
Mundo Deportivo хабарига кўра, “Барселона” шиддатли машғулотлар ва тинимсиз ўйинлардан кейин футболчиларнинг организм тезроқ ва сифатлироқ қайта тикланиши учун уйқу бўйича мутахассисни таклиф қилган. Яъни, жамоада энди “яхши ухладингми?” деган савол шунчаки аҳвол сўраш эмас — тайёргарликнинг бир қисми.
Қайд этилишича, ушбу мутахассиснинг асосий вазифаси, айниқса, мавсумолди йиғинлари ва сафар учрашувларида катта аҳамият касб этади. Сабаби оддий: вақт минтақалари ўзгариши, эрта тонгда қайтиш, кун тартибининг издан чиқиши организмга қаттиқ таъсир қилади. Бундай ҳолатлар стресс, ташвиш ва чарчоқни кучайтиради, натижада майдондаги тезлик ҳам, диққат ҳам пасайиб кетиши мумкин.
Шунинг учун “Барса” бу масалани “ўз-ўзидан ўтиб кетади” деб қолдирмаяпти — уйқу режими, тикланиш, сафардан кейин организмни тўғри ҳолатга қайтариш каби деталлар режали тарзда назорат қилинмоқда. Чунки катта футболда майда детал — кўпинча катта фарқ.
Бундан ташқари, жамоада овқатланиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Футболчилар машғулот базасида нонушта қилишади, шунингдек, истаса, машғулотларга ўзлари билан егулик олиб келишлари ҳам мумкин. Мақсад битта: организмга керакли “ёқилғи”ни вақтида бериш, тикланиш жараёнини тезлаштириш ва шикастланиш хавфини камайтириш.
Қисқаси, “Барселона” ҳозир футболчиларни майдонда эмас, биринчи навбатда кундалик ҳаёт режимида ҳам “формага” келтираяпти. Футболда трофейлар кўпинча стадионда эмас, ухлаш ва тикланиш каби кўринмас жойларда “қурилади” — ва каталонияликлар буни яхши тушуниб қолганга ўхшайди.
