Санкт-Петербургда морг раҳбари жасад сотишда ушланди
Кеча, 6 февраль куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Александровская касалхонаси ўликхонаси раҳбари Андрей Каветский қўлга олинди. Бу ҳақда ТАСС нашри хабар берди. У марҳумларнинг жасадлари ва тана қисмларини қонунга хилоф тарзда хусусий компанияга сотганликда гумон қилинмоқда.
Тергов маълумотларига кўра, Каветский ойига тахминан 500 минг рубль миқдорида пора эвазига “Анабиоз” компаниясига жасад ва биоматериалларни етказиб бериб келган. Компания асосчиси Станислав Маслов ҳам аввалроқ ҳибсга олингани айтилган.
Терговчилар биоматериаллар косметология, стоматология ҳамда жарроҳлик амалиётлари учун намуна сифатида ишлатилганини аниқлаган. Маълумотларга кўра, жасадлар кўп ҳолларда қариндошлари бўлмаган шахсларга тегишли бўлгани қайд этилган. Гумонланувчилар камида 4 апрелга қадар қамоқда сақланиши маълум қилинган.
