Буффон Пио Эспозитони Италия футболининг келажаги деб билди
Италия терма жамоаси ва "Ювентус"нинг собиқ дарвозабони Жанлуижи Буффон ҳозирги пайтдаги энг истиқболли италиялик футболчи кимлигини айтди. Унинг фикрича, бу — "Интер" сафида тўп сураётган Пио Эспозито. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Буффон ёш ҳужумчининг яқин вақт ичида, хусусан, жаҳон чемпионатидайоқ ўзини ёрқин кўрсатишига умид қилмоқда.
"Мен Эспозитони шахсан кузатдим ва у менда жуда катта таассурот қолдирди. У камтар ва профессионал, мотивацияга бой, доимо иштиёқ билан ҳаракат қилади. Мен уни Италия терма жамоасининг жаҳон чемпионати таркибига ҳеч иккиланмасдан олган бўлардим", — дея Буффоннинг сўзларини calcionapoli1926.it келтиради.
Эслатиб ўтамиз, "Интер" ҳозирда А Серия турнир жадвалида пешқадам бўлиб турибди.
