«Милан» «Пиза» майдонида қийинчилик билан ғалабани илиб кетди
А Сериясининг 25-турида «Милан» сафарда «Пиза»га қарши ўйинда осон бўлмаган синовдан ўтди. Учрашувда имкониятлар кўп бўлди, лекин меҳмонлар ҳал қилувчи лаҳзаларда аниқроқ ҳаракат қилди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Биринчи бўлимда «Пиза» ҳам хавфли эпизодлар яратди: Филип Стойлкович жарима майдони чап четидан зарба берди, дарвозабон вазиятни қутқарди. 39-дақиқада эса Закари Атекаме ўнг қанотдан ажойиб узатма ташлади ва Рубен Лофтус-Чик бош билан ҳисобни очди — 0:1.
Иккинчи бўлим бошида «Милан» яна гол урди, бироқ Никлас Фюллькруг иштирокидаги эпизодда қўл билан ўйнаш қайд этилгани учун гол бекор қилинди. Кўп ўтмай Фюллькруг пенальтидан ҳам фойдалана олмади: зарбаси суст чиқиб, тўп устунга тегиб майдон ташқарисига кетди.
71-дақиқада мезбонлар жавоб қайтарди: Стойлкович чап қанотдан пастлатиб узатди, курашда тўп Страхиня Павловичдан қайтиб Фелипе Лойоланинг оёғига тушди ва у бироз силжиб, тўпни ўнг бурчакка жойлади — 1:1.
«Милан» ғалаба голини 85-дақиқада урди. Ҳужумни Лука Модрич бошлаб берди: у жарима майдони марказига Самуэле Риччига узатма берди, Риччи йиқилаётган ҳолатда тўпни яна Модричга ташлаб берди ва хорватиялик ярим ҳимоячи жарима майдони ичида марказга силжиб, оёқнинг ташқи томони билан ўнг бурчакни нишонга олди — 1:2.
90-дақиқада «Милан» ярим ҳимоячиси Адриен Рабьо ҳакам билан тортишиб қолгани ортидан кетма-кет икки сариқ карточка олиб, майдондан четлатилди. Бу ғалабадан сўнг «Милан» турнир жадвали етакчисидан беш очко орқда қолмоқда, «Пиза» эса сўнгги ўрин учун курашаётган жамоалар қаторида.
