Барселонадан кейин «Атлетико» «Райо» майдонида йирик мағлуб бўлди
Ҳафта ўртасида «Атлетико» Испания кубогида «Барселона»ни 4:0 ҳисобида енгиб, Европани ҳайратга солганди. Аммо якшанба куни Ла Лигада «Райо Вальекано»га қарши баҳсда «матрасчилар» кутилмаганда жуда суст кўринди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Учрашув аввалида «Райо» дарвозаси олдида хавфли эпизод юз берди: жамоа ҳимоячиси Нобел Менди тўпни ўз дарвозасининг тўсинига йўналтириб юборди. Бурчакдан кейин Тьяго Алмада Алекс Баенани топди, бироқ унинг ўнг «тўққизлик»ка йўллаган зарбаси дарвозага аниқ бормади. «Райо» ҳам жавобсиз қолмади: Альфонсо Эспино жарима майдончасининг чап томонидан пастдан зарба берди, дарвозабон тўпни бурчакка чиқариб юборди.
40-дақиқада мезбонлар ҳисобни очди: ўнг қанотда Андрей Расю рақибини чалғитиб узатмани жарима майдончасига йўллади, Фран Перес эса паст зарба билан Облак дарвозасини ишғол қилди — 1:0. Орадан кўп ўтмай «Атлетико» ўз жарима майдончаси атрофида тўп йўқотди ва «Райо» бундан максимал фойдаланди: Ильяс Ахомашнинг узатмасидан сўнг Иси Паласон урди, дарвозабон қайтарган тўпни Оскар Валентин дарвозага киритди — 2:0.
76-дақиқада «асалари»лар навбатдаги зарбани бурчак тўпидан сўнг берди: чап қанотдан ўйналган стандартдан кейин Альваро Гарсия узоқ устунга оширди, Нобел Менди эса бош билан ҳисобни йириклаштирди — 3:0. «Атлетико» ҳам жавобан бурчакдан хавфли вазият яратди: Хулиан Альвареснинг узатмасидан кейин Хосе Хименес яқин бурчакдан тўпни дарвозага йўналтирди, бироқ дарвозабон сейв билан жамоасини қутқарди.
Натижада «Райо Вальекано» уч ўйиндан иборат мағлубиятлар сериясига нуқта қўйди ва тушиб кетиш зонасидан чиқиб, 15-ўринга кўтарилди. «Атлетико» эса турнир жадвалида учинчи ўринни бўлишиб турибди.
